Британия аудиокитобларни мактаб ўқув дастурига киритиши мумкин
Болалар ва ўсмирлар китоб ўқишдан воз кечаётганидан хавотирга тушган Буюк Британия таълим соҳаси экспертлари аудио ёрдамида сабоқ бериш усулига алоҳида эътибор қаратишни таклиф қилмоқда. Ҳукумат ҳам мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаши мумкин.
Сўнгги йилларда, дунёнинг аксарият мамлакатларида бўлгани каби, Қиролликда ҳам ёқимсиз тенденция кузатилмоқда. Эндиликда ёшлар китобдан завқ олмай қўйган. 37 000 мактаб ўқувчиси ўртасида ҳар йили ўтказиладиган Миллий саводхонлик жамғармаси (NLT) сўрови болаларнинг атиги 34,6 фоизи бўш вақтида китоб очишини кўрсатди.

Дарвоқе, тадқиқот аудио контент оммабоплиги ортаётганини исботлади: 42,3 фоиз аудиокитоб ва подкаст тинглашни ёқтиришини айтган.
Шу боис экспертлар ва хайрия ташкилотлари овозли китобларни янги дастурга киритишни сўрамоқда. Бу чора ёшларда китобхонликка қизиқишни жонлантириш, умумий саводхонликни оширишга хизмат қиларкан.
NLT ижрочи директори Жонатан Дуглас айни услуб аълочи ўқувчиларнинг янги авлодини тарбиялаш, таълим инқирозини енгишга кўмаклашишини таъкидлади.
Бинобарин, ҳамма мутахассислар ҳам бу фикрга қўшилаётгани йўқ. Лондон университети профессори Жон Маллан овозли китоб анъанавий қоғоз нашрни тўлиқ алмаштира олмайди, дея ўқиш ва тинглаш фарқли жараён эканини таъкидлади: бири иккинчисидан фарқли ўлароқ, фаол иштирок ва тасаввур талаб қилади.
Британия ҳукумати яқин келажакда мактаб ўқув дастурига киритилган ўзгариш бўйича оралиқ ҳисобот чоп этишни режалаштирган. Мазкур жараёнда аудио контентни ўқув дастурига киритиш масаласи ҳам ҳал этилади. Таълим департаменти вакили “The Guardian” нашрига айтишича, ўқитувчилар кўп йилдан бери ёшларни турли йўллар билан адабий асарлар дунёсига етаклашга уриниб келмоқда. Шу нуқтаи назардан овозли китоб тинглаш адабиётга ошно бўлишнинг яна бир усулига айланиши мумкин.
М.Пирматова, ЎзА