Нукусда Наврўз байрами шодиёналари

Наврўз байрами муносабати билан Нукус шаҳрида тантанали байрам тадбирлари ўтказилмоқда.
Наврўз – янгиланиш ва меҳр-оқибат байрами

Нукус шаҳар марказида «Қадриятларинг боқий бўлсин, Наврўз!» шиори остида ўтказилаётган байрам тадбирлари ҳар бир юртдошимизга хурсандчилик ва илиқ кайфият улашмоқда. Байрам дастури Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри олдида ҳамда «Дўстлик» канали бўйида кенг миқёсда нишонланмоқда.

Театрлаштирилган саҳналар, халқ ўйинлари, анъанавий рақс ва куй-қўшиқлар билан бойитилган тадбирлар миллий урф-одатларимизга бўлган ҳурматни янада мустаҳкамламоқда. Эл-юрт Наврўз ошидан татиб, қадимий маросимларнинг гувоҳи бўлди.

Байрамда маҳаллий санъаткорлар, ҳунармандлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари иштирок этдилар. «Дўстлик» канали бўйидаги тадбирларда болалар ва катталар учун қизиқарли ўйинлар, турли спорт мусобақалари ва халқ ўйинлари ташкил этилди.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси