Амударё туманида чигит экиш бошланди

299

Амударё туманида жорий йилги ҳосил учун чигит экиш мавсуми бошланишига бағишланган кўргазмали семинар ўтказилди.

Кўргазмали семинарда соҳага масъул ташкилотлар, пахта кластерлари корхоналари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Орынбаев қатнашиб, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, берилган имкониятлар ҳақида кенг таъкидлаб ўтди. Айтиш жоизки, Президентимизнинг алоҳида эътибори билан Қорақалпоғистон учун алоҳида қарор ва фармонлар қабул қилиниб, шу асосда олдин бўлмаган янги имкониятлар ва имтиёзлар яратиб берилди. Ўтган қисқа даврда шундай имтиёзлар натижасида Қорақалпоғистонга қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган кўплаб техника ва агрегатлар олиб келиниб, бу ўз навбатида соҳани ривожлантиришга алоҳида суръат бағишлади. Бугунги ўтказилган муҳим тадбирда шундай имкониятлар таъкидланиб, сўзга чиққанлар экиш мавсумини қисқа муддатда сифатли ўтказиш, чигит экишнинг сифатли усуллари, деҳқон фермерлар эътибор қаратиши лозим бўлган муҳим вазифалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди. Нуроний оталар дуоси билан шу куни дастлабки майдонларга чигит сепилди.






Жорий йилда республикамизда 100 минг гектар майдонга чигит экилиши режалаштирилган. Мавсумни уюшқоқлик билан олиб бориш мақсадида жами 243 та отряд ташкил этилиб, уларга 15 мингдан ортиқ техника ва агрегатлар бириктирилган.

Жумладан, 170 та замонавий юқори унумли чигит экиш сеялкаларини жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги