Кураш: Бухорода “Имом ал-Бухорий” хотира турнири ўтказилади
Халқаро кураш ассоциацияси (IKA)нинг Тошкентдаги штаб-квартирасида Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Имом ал-Бухорий” хотирасига бағишланган халқаро турнирни ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Муҳокамалар жараёнида иштирок этган IKA вице-президенти, Осиё кураш конфедерацияси раҳбари Комил Рўзиев, IKA администрацияси раҳбари Мансур Мирзаев, Осиё кураш конфедерацияси бош котиби Фаррух Саидқулов, IKA матбуот котиби Жамшид Намозов ва бошқалар турнирнинг ташкилий жиҳатлари билан боғлиқ масалалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдиришди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг 12-16 май кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган мазкур нуфузли турнир Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Мусобақаларда дунёнинг барча мамлакатларида кураш билан шуғулланаётган эркаклар ва аёллар иштирок этиши назарда тутилмоқда. Беллашувлар 16 та вазн тоифасида бўлиб ўтади.

Курашчилар “Имом ал-Бухорий” хотира турнирида эришган натижалари орқали “World Series Pro” халқаро турнири учун муҳим рейтинг очколарни жамғаришга муваффақ бўлишади.
Миллий спортимиз курашнинг халқаро майдонда янада оммалашишига ва ривожланишига хизмат қиладиган мазкур турнир орқали қадриятларимиз қадрланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА