Навбаҳор Ҳамидова мамлакатимиз бокси тарихида янги саҳифа очди

200

Сербиянинг Ниш шаҳрида бокс бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати ўз якунига етди. Қувонарлиси, ушбу мусобақа мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган боксчи-қизларимиз учун тарихий натижаларга бой ўтди.

Мусобақада ҳамюртимиз Навбаҳор Ҳамидова -66 кг. вазн тоифасида финалга қадар ўтказилган барча беллашувларда ғалаба қозониб, кумуш медални қўлга киритди ва бу орқали у Ўзбекистонда катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медалга эга чиққан ягона аёл спортчига айланди.

Шунингдек, чемпионатда Фарзона Фозилова, Сабина Бобоқулова ҳамда Феруза Казакова ўз вазнларида бронза медалига эга чиқди.

Шу тариқа, Элшод Расулов мураббийлиги остида терма жамоамиз мазкур мусобақани 3 та бронза ва 1 та кумуш медаль билан якунлади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу натижа аёллар бокси учун рекорд ҳисобланади. Сабаби, шу кунга қадар жаҳон биринчилигида энг юқори натижамиз фақатгина битта бронза медали бўлган.

Дарвоқе, IBA томонидан ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медаль соҳиблари 100 минг АҚШ доллари пул мукофоти билан тақдирланди. Кумуш медаль учун эса 50 минг, бронза медали соҳибларига 25 минг АҚШ доллари берилди. Мусобақа тарихида илк бор чорак финалга чиққан барча спортчилар 10 минг АҚШ доллари билан рағбатлантирилди.

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА