Қирғизистон Марказий Осиё давлатларига визасиз режим жорий этишни таклиф қилди
Хабар берилганидек, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида давлат чегараси тўғрисидаги шартнома имзоланди. Президент Садир Жапаров таъкидлашича, ушбу ҳужжат қабул қилиниши билан Марказий Осиёда абадий тинчлик ўрнатилди.
Шунингдек, Қирғизистон етакчиси Марказий Осиё давлатлари учун ўзаро визасиз режим жорий этиш жараёнини бошлаш, бошқа давлатлардан келган меҳмонлар учун эса минтақанинг барча мамлакатлари бўйлаб эркин саёҳат қилиш имконини берадиган ягона виза яратишни таклиф қилди.
— 13 март куни Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида 101 йилдан буён ҳал бўлмаган чегара масаласи ниҳоят бартараф этилди, — деди Қирғизистон раҳбари. — Бу нафақат икки давлат, балки бутун Марказий Осиё учун катта воқеа. Ҳозир минтақадаги барча давлатлар ўзаро чегара масаласини тўлиқ ҳал қилган, деб ҳисоблаш мумкин.
“Казинформ” нашри ёзишича, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисида шартнома имзолаши кутиляпти.