Кореялик тадбиркорлар билан учрашув

154

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Корея давлатидан келган KIDL компанияси раиси Ким Дже Ён, Panapinto кўчмас мулкни ривожлантириш компанияси директори Ким Сон Ил, Mythings автоматлаштирилган бошқарув тизими компанияси директори Ли Сан Хо ва бошқа ўнга яқин компаниялар вакилларидан иборат делегация билан учрашди.

Унда Президентимизнинг Қорақалпоғистонга бўлган алоҳида эътибори, халқимизнинг турмуш фаровонлигини таъминлаш, минтақада тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жозибадорлигини ошириш бўйича қабул қилинган фармон, қарорлар ва шу асосда яратилган имкониятлар ҳақида сўз борди. Шунингдек, меҳмонларга Оролбўйининг янги инвестиция лойиҳаларини ишга туширишдаги мавжуд салоҳияти, минтақа учун алоҳида берилган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашув давомида қишлоқ хўжалиги, жумладан, иссиқхона шароитида интенсив усулда юқори ҳосил олишни йўлга қўйиш, бунда муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш, музлаткичли омборхоналар барпо этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, агрологистика лойиҳалари устида ҳамкорлик каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, Корея давлати билан алоқаларни мустаҳкамлаш борасида қурилиш, IT, таълим соҳаларини ривожлантириш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш, йирик корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Оролбўйи ҳудудида янги лойиҳаларни амалга ошириш доимо қўллаб-қувватланиши ва инвесторларнинг иш ўринларини яратишга қаратилган ҳар қандай ташаббусига барча имкониятлар сафарбар этилиши таъкидланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири