Ислоҳотлар самараси: Пресс-турларда реал манзаралар

Сўнгги вақтларда мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар ва муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ютуқлар ва муаммолар ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш, шу билан бирга, очиқликни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари иштирокида медиа-турлар ташкил этилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг топшириғига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Элликқалъа тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Элликқалъа туманида медиа-тур ташкил этилди. Медиа-турлар доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари жойларда бўлиб, давлат томонидан яратилаётган имкониятлар ва уларнинг самарали ижроси билан яқиндан танишди. Хусусан, ўз соҳасида муваффақиятга эришган ёшлар, спорт ва қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, ишсиз ёшларнинг ўзини-ўзи банд қилиши орқали оиласига қўшимча даромад киритаётгани ўрганилди. Шу билан бирга, ҳудудларни ободонлаштириш ишлари ва жамоатчиликнинг улардаги фаол иштироки ҳам алоҳида эътиборга лойиқ.

Дастлаб Пресс-тур иштирокчилари тумандаги ўз томорқаларидан самарали фойдаланиб, даромадга эга бўлаётган бир нечта хонадонлар билан танишди. Туманнинг «Чўпон» МФЙ ҳудудида Сайхунобод тажрибаси асосида ўз уйидаги томорқасидан боғдорчиликни йўлга қўйган И.Нуримов ва «Пахтачи» МФЙ ҳудудидаги асаларичилик, деҳқончилик билан шуғулланиб келаётган Х.Жуманиязовлар билан учрашди.
Медиа турнинг кейинги манзили «Чўпон» МФЙ ҳудудидаги ёш тадбиркор С.Алимов томонидан асос солинган ОК «MUSLIMBEK PAYPOQLARI» пайпоқ ишлаб чиқарувчи цехи бўлди. Бу ерда бир нечта хотин-қизлар доимий иш билан таъминланган.

«Пахтачи» МФЙ ҳудудида Сайхунобод тажрибаси асосида ижарага олинган ер майдонларининг 20 сотихида М.Хаджибаев томонидан иссиқхона ташкил этилган. Шунингдек, ушбу маҳаллада яшовчи яна бир ёш деҳқон А.Рўзметов томорқасида лимон етиштиришни йўлга қўйган. Ёш деҳқон иссиқхонада замонавий томчилатиб суғориш технологиялари ёрдамида мўл ҳосил олишни ният қилган.
Куннинг иккинчи ярмида Пресс-тур иштирокчилари Элликқалъа туманидаги “Сарабий” ҚФЙ ҳудудидаги “GRACEFUL MEBEL” МЧЖ томонидан мебель ва темир эшик, дарвоза ишлаб чиқариш корхонаси билан танишди. Корхонада замонавий технологиялар асосида турли ўлчам ва дизайндаги металл дарвозалар ишлаб чиқарилади. Айни пайтда бу маҳсулотлар ички бозорни тўлиқ таъминлаб, аҳоли эҳтиёжи учун хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган “Долзарб бир ойлик” тадбири доирасида Элликқалъа туманида ҳам ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари кенг кўламда амалга оширилмоқда. Туман ҳокими В.Ниязимбетов, нуронийлар, маҳалла оқсоқоллари бошчилигида бир нечта ҳудудларда мевали дарахтлар экилиб, атрофи тозаланди.
Бундай пресс-турлар жойлардаги янгиланишлар ва ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказишда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали халқ ислоҳотларнинг амалий натижаларини кўриб, улар ҳақида холис маълумот олиш имкониятига эга бўлмоқда. Шу билан бирга, жойлардаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этишда бундай ташаббуслар муҳим аҳамият касб этади. Давлат ва жамоатчилик ўртасидаги очиқ мулоқотни таъминлаш, ҳар бир соҳада тараққиётга эришишда бундай тадбирлар улкан роль ўйнамоқда. Шу боис, бундай пресс-турлар келгусида ҳам республикамиз бўйлаб мунтазам ташкил этилиб, очиқлик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.

Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси
Муаллифнинг туширган расмлари