Пресс -тур
Жойларда очиқликни таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги бўлаётган ўзгаришлар, ютуқ ва камчиликларни кенг жамоатчиликка таништириш мақсадида оммавий ахборот воситалари иштирокида пресс-турлар ташкил этиб келинмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг топшириғига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Тахиатош тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Тахиатош туманида пресс-тур ташкил этилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, жойларда бўлиб, давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлар, улардан самарали фойдаланаётган ёшлар ҳаёти, спорт, қурилиш соҳасидаги ишлар, ишсиз ёшларнинг ўзини-ўзи банд қилиб, оиласига қўшимча даромад киритаётгани ва ободонлаштириш ишлари билан танишди.
Биз туманда бўлганимизда дастлаб спорт мактабининг биринчи базасида бўлиб, у ердаги спортнинг Жиу-Житсу спорт тури билан шуғулланаётган спортчи болаларнинг турмуши билан танишдик. Кенг ва баҳаво, замонавий яхши спорт залида мураббийлари раҳбарлигида машғулотлар олиб бораётган спортчи ёшлар, айниқса эртанги келажагидан умид кутадиган кичкина болалар ҳар қандай одамнинг эътиборини тортмай қолмайди. Кўринишидан ғайратли, чемпионатларда рақибларига ҳеч қандай имкониятни бой бермай, мусобақаларда юртимиз байроғини баланд кўтариб юрган чемпион ёшларни шу залда кўрганимиздан хурсанд бўлдик.
– Спорт мактабимизда «Ташаббусли бюджет» ҳисобидан капитал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, фойдаланишга топширилди. Миллий кураш ва жиу-житсу спорт туридан 500 нафардан зиёд спортчи ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Уларга тажрибали мураббийларимиз Жасур Тожибоев, Оринбой Оразимбетов, Замир Қурбонбоев, Қудайберген Наврўзбоев, Бегзат Жуллибоев, Расул Ҳайтеков, Жасмина Азатовалар спорт сирларини ўргатиб келмоқда,-дейди спорт мактаби методисти Алымбай Рахимов.
Сўнгги вақтларда давлатимиз томонидан ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун имкониятлар яратилиб, уларга ўз бизнесларини бошлаш учун субсидиялар ажратилиб, имтиёзли кредитлар берилмоқда.
Шундай имкониятлардан самарали фойдаланган тумандаги «Обод макон» МФЙда яшовчи Хайтбаев Махсуд ва Дилназа Муратованинг хонадонида бўлиб, уларнинг уй ёнидаги иссиқхонада гул ўстириб, ундан мўл даромад топаётганлиги ва чиройли гуллар олами билан танишдик.
-Гул дўконимизга дастлаб ташқаридан буюртма асосида гулларни олдирардик. Сўнг турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, имтиёзли кредит олиб, уй ёнидаги томорқамиздан иссиқхона қуриб гулларни ўзимиз экиб, етиштириб, гул дўконимизда сота бошладик. Айни пайтда иссиқхонамизда гулларнинг 15 дан ортиқ тури мавжуд. Асосан атиргулнинг уч турини етиштиряпмиз. Лимон, хурмо дарахтларимиз ҳам мева бериш арафасида. Даромадимиз яхши. Бир кунлик даромадимиз 700, 800 минг сўмни ташкил этади, – дейди Дилназа Муратова.
«Нурли келажак» ҚФЙ Тахиатош туманининг энг чекка ҳудудларидан бири. Биз у ерда бўлганимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги «Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида 90 ўринли давлат мактабгача таълим муассасаси биноси қурилиши билан танишдик. Болалар боғчаси биноси икки қаватдан иборат бўлиб, «Нукус эркин қурилиш» МЧЖ томонидан барпо этилмоқда.
– Қишлоғимизда илгари болалар боғчаси йўқ эди. Мана болалар боғчаси қурилаётганидан чексиз хурсандмиз. Қурилиш ишлари яхши олиб бориляпти. Бунинг учун раҳбарларимизга, қурувчиларимизга миннатдормиз, – дейди қишлоқлик А.Хожаниязов.
Мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари Тахиатош туманида ҳам кенг кўламда амалга оширилмоқда. Биз «Найманкўл» ҚФЙ жойлашган «Кетмончи» қабристони атрофида ободонлаштириш ишларни олиб бораётган маҳалла аҳолисининг ишлари билан танишганимизда у ерда кўп миллатли халқимизнинг миллатлараро тотувлигининг гувоҳи бўлдик. Ёши улуғлар, маҳалла оқсоқоллари бошчилигида ўтказилаётган ушбу тадбирда журналистлар мевали дарахтлар экишга ўз ҳиссасини қўшиб, улар билан суҳбатлашди.
Тадбир давомида туман ҳокимлигида матбуот анжумани ўтказилиб, унда иштирок этган туман ҳокимининг ўринбосарлари оммавий ахборот воситалари вакилларининг қизиқтирган саволларига жавоб берди. Келгуси вақтларда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорликда лойиҳалар режалаштирилиб, келгуси тадбирларда йирик ишлаб чиқариш объектлари билан танишиш масалалари келишиб олинди.
Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги
М.Ҳабибуллаевнинг олган суратлар