Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси билан учрашув ўтказилди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар билан учрашди.
Учрашувда Тойво Клаар Ўзбекистоннинг кўп жабҳаларда жадал ривожланиш йўлида эришаётган, аҳоли турмушини сезиларли даражада яхшилаган ютуқлари, жумладан, рақамли технологиялар соҳасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.

Ўз навбатида, вазир Ш.Шерматов вазирликнинг асосий мақсадларидан бири ёш авлодни тайёр иш ўринлари билан таъминлаш, бу орқали уларни юртимизда туриб, юқори маош олишлари учун имконият яратиш эканини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг денгизга чиқиш имкониятлари чеклангани боис вазирлик AKT соҳасини фаол ривожлантираётгани, бу эса IT-хизматлар экспорти кўрсаткичларини жадал оширишга хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Соҳани ривожлантириш учун амалга оширилаётган дастурлар, жумладан, “One Million Uzbek Coders” лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Вазир Ш.Шерматов Европа бозорининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, Европа давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, учрашувда телекоммуникация йўналишида ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, олис ҳудудларни замонавий йўлдош алоқаси тизими ёрдамида юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Якунда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва яқин келажакда қўшма лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширишга умид билдирдилар.
Н.Раҳмонова,
ЎзА