«Реал», «Арсенал», «Боруссия Д», «Астон Вилла» ЕЧЛдаги юришини давом эттиради

Янгича форматда давом этаётган Европа чемпионлар лигаси қизғин паллага кирди. Аниқроқ айтадиган бўлсак тундаги ўйинлардан сўнг ЕЧЛ чорак финалига йўл олган жамоалар номи аниқ бўлди.
ЕЧЛ нимчорак финали доирасидаги “Лилль” – “Боруссия Д” ўртасидаги ўйин 1:2 ҳисобида якунланди. “Боруссия Д” икки ўйин натижасига кўра чорак финал иштирокчисига айланди. “Боруссия Д” ярим финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда “Барселона” билан куч синашади.

Мазкур босқичнинг марказий ўйинида Мадрид шаҳрининг икки жамоаси – “Атлетико” ва “Реал” клублари ўзаро тўқнашди.

Учрашувнинг 1-дақиқасидаёқ мезбонлар вакили Коннор Галлаҳер ҳисобни очди. 70-дақиқада эса “Реал” жавоб голини уриши мумкин эди, бироқ Винисиус Жуниор 11 метрлик жарима зарбасини йўққа чиқарди. Шу тариқа асосий вақтда ҳисоб ўзгармади. “Реал” ўз майдонида ўтган илк учрашувда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонгани боис, жавоб ўйини якунига кўра ҳисоб тенглашибди ва жамоалар қўшимча 15 дақиқадан икки бўлим ўйнади.

Қўшимча бўлимларда ҳам ҳисоб ўзгармади ва жамоалар пенальтилар сериясига таклиф этилди. Унда “Реал“ 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, пенальтилар сериясида “Атлетико” ҳужумчиси Хулиан Алвареснинг голи VAR кўригидан сўнг тўпга иккита тегиниш борлиги сабабли бекор қилинди.
Шу тариқа, “Реал” Чемпионлар лигаси чорак финалига йўл олди ва “Арсенал” билан навбатдаги босқич йўлланмаси учун кураш олиб борадиган бўлди.
Энди эса мазкур учрашувга оид ажойиб фактлар ва рекордларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

Дастлаб, “Атлетико” ярим ҳимоячиси Конор Галлаҳернинг голи ҳақида. Ушбу ўйинчи учрашувнинг 27-сониясида “Реал” дарвозасини ишғол қилди ва бу гол ушбу мавсумдаги энг тезкор гол сифатида тарихда қолди. Шунингдек, Конорнинг голи, Чемпионлар лигаси тарихида инглиз футболчилари ҳамда «Атлетико» жамоаси учун турнир тарихидаги энг тезкор гол бўлди.
Ҳар мавсум турли ғалабалар билан ўзгача рекордлар қайд этишга ўрганиб қолган “Реал” бу сафар ҳам ўз анъанасига содиқ қолди. Гап шундаки, “Қироллик клуби” Чемпионлар лигаси чорак финалига 40 марта чиққан илк жамоага айланди. “Қаймоқранглилар” ортда қолган беш мавсум давомида чорак финалга мунтазам чиқмоқда ва бу давр мобайнида икки марта турнирда бош совринга эга чиқди.
“Реал” Европа чемпионлар лигаси ва кубоги тарихида пенальтилар сериясида энг кўп ғалаба қозонган жамоа сифатида ҳам эътироф этилмоқда. Клуб ўтган вақт мобайнида тўрт марта пенальтилар сериясида ғалаба қозонган ягона жамоа ҳисобланади.
ЕЧЛ нимчорак финалидан ўрин олган сўнгги учрашувлардан бири “Астон Вилла” ва “Брюгге” ўртасида бўлиб ўтди. Унда мезбонлар 3:0 ҳисобида зафар қучди. Мазкур босқичдаги “Арсенал” – “ПСВ” клублари ўртасидаги жавоб ўйини 2:2 ҳисобида якунланди ва Лондон шаҳри жамоаси икки ўйин натижасига кўра 9:3 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олди.
Лиганинг 1/8 финал босқичи якунларига кўра, кутилганидек чорак финалга Англия, Испания ва Германиядан иккитадан жамоа йўл олди. Италия ва Франциядан эса биттадан клуб ушбу босқичга чиқди.
Мусобақанинг чорак финалида “ПСЖ” — “Астон Вилла”, “Арсенал” — “Реал”, “Барселона” — “Боруссия Д” ва “Бавария” — “Интер” клублари ўртасидаги баҳсларга гувоҳ бўламиз. Ушбу учрашувлар 8 апрель куни бўлиб ўтади. Жавоб ўйинлари эса 15 апрелда ўтиши белгиланган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА