Томорқа – даромад манбаи

107

Ҳар бир қариш ердан унумли фойдаланиш, ундан юқори даромад олиш – бугунги кун тадбиркорларининг устувор мақсадларидан биридир. Бунинг ёрқин мисоли сифатида Беруний тумани Бирлик маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ф.Раджапбаев оиласини келтириш мумкин. Улар томорқадан самарали фойдаланиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам даромад топмоқда.

Ф.Раджапбаевнинг 6 сотих иссиқхонасида кўчат етиштириш йўлга қўйилган бўлиб, қиш фаслида брокколи ва гулкарам етиштириш орқали икки марта ҳосил олишга эришилган. Бу нафақат оила учун қўшимча даромад манбаи, балки маҳаллий бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш имконини ҳам яратмоқда.

Бугунги кунда бу ерда 8 нафар мавсумий ишчи фаолият юритиб, улар кўчат етиштириш ва қадоқлаш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, томорқада органик биогумус ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган бўлиб, бу оиланинг яна бир даромад манбаига айланиб улгурган.

Бирлик маҳалласининг 3014 нафар аҳолиси бор. Уларнинг кўпчилиги томорқадан фойдаланиб, тадбиркорликни ривожлантиришга эътибор қаратмоқда. Бу жараёнда маҳалла еттилиги томонидан тушунтириш ва методик кўмак кўрсатиш ишлари тизимли йўлга қўйилган. Шу туфайли маҳаллада томорқадан фойдаланиш маданияти янада юксалмоқда, бу эса аҳолининг турмуш даражаси ошишига хизмат қилмоқда.

 

Азизбек Дабылов,

ҚДУ журналистика таълим йўналиши 2 босқич магистранти

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги