Каналларни бетонлашнинг аҳамияти кенгаймоқда

353

 Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Қорақалпоғистонда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев туманларда сув хўжалиги соҳасида, шунингдек, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишмоқда, деб хабар бермоқда Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Бугун вазир Қўнғирот туманида бўлиб, дастлаб Президентимизнинг тегишли қарори асосида реконструкция қилинаётган «Жинишке» каналининг бетонланаётган қисмини бориб кўрди ва бетонлаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Қўнғирот тумани марказидан оқиб ўтувчи «Жинишке» каналининг 2,5 километрлик қисмида бетонлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган. Бугунги кунда «Жанубий Бунёдкор Жанубий» МЧЖ қурилиш корхонаси томонидан бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу каналда реконструкция ишлари якунлангандан сўнг, туман марказидаги маҳаллалар, Ўрнак ва Адабиёт овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг сув таъминоти яхшиланади.

Сув хўжалиги вазири қурилиш корхонаси мутасаддиларига қўшимча техника ва ишчи кучини жалб қилиб бетонлаш ишларини жадаллаштириш бўйича топшириқ берди. Эртадан бошлаб ишчиларни 100 нафарга етказиш, Наврўз байрамига қадар каналнинг 1,5 километрлик қисмини бетонлашни якунлаш бўйича вазифалар белгиланди.

Шу ерда Қўнғирот тумани ҳокими Б.Мадаминов билан учрашиб, туманда ирригация тармоқларини бетонлаш, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида аҳоли томорқа ерларига сув етказиш борасидаги ишларнинг бориши ва галдаги вазифаларни муҳокама қилди.

Туман ҳокими ва ҳудуддаги сув хўжалиги мутасаддилари билан биргаликда Хоразм ва Ўрнак овулларидаги ички канал ва ариқларни бетонлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди. Ички канал ва ариқларни бетонлаш борасидаги чора-тадбирларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги