ЮНЕСКО Қорақалпоқ мероси ҳақида ҳужжатли фильм ишлаб чиқди

87

Қорақалпоқ халқининг бой маданий ва маънавий меросини асраб-авайлаш ҳамда уни келажак авлодларга етказиш мақсадида амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, ҳурматли Президентимиз томонидан қорақалпоқ миллий чолғу асбоби бўлган қўбизни ва жировчилик санъатини ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритиш бўйича топшириқ берилган эди. Бугунги кунда ушбу топшириқни ижро этиш доирасида қатор халқаро аҳамиятга эга лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Маданий меросни асраш ва унинг аҳамиятини дунё ҳамжамиятига етказиш мақсадида ЮНЕСКО халқаро ташкилоти томонидан махсус ҳужжатли фильм ишлаб чиқилди. Ушбу фильмда Қорақалпоғистон маданий меросининг ажралмас қисми бўлган қўбиз ва жировчилик санъатига оид муҳим маълумотлар акс этган. Бу ҳужжатли фильм нафақат миллий маданиятни ёритиш, балки уни халқаро миқёсда оммалаштиришга қаратилган муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Қўбиз – Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий чолғу асбоби бўлиб, у асрлар давомида халқнинг оғзаки ижоди, тарихий воқеалар ва миллий ўзликни тарғиб этувчи восита сифатида хизмат қилиб келган. Жировчилик санъати эса нафақат мусиқий ижро, балки тарихий ҳикоя ва достонларни асраб-авайлаш ҳамда келажак авлодларга етказишнинг муҳим воситаси ҳисобланади.

ЮНЕСКО томонидан тайёрланган мазкур ҳужжатли фильм мазкур санъат турларининг аҳамиятини халқаро миқёсда танитиш ва уларни келажак авлодларга етказишда муҳим рол ўйнайди. Фильмда жировчилик анъаналари, қўбизнинг ўзига хослиги ва унинг халқ ҳаётида тутган ўрни ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган. Ушбу фильм нафақат Қорақалпоқистонда, балки бутун дунёда миллий маданий бойликларимизни танитишга хизмат қилади.

Қорақалпоқ миллий маданиятининг ЮНЕСКО томонидан эътироф этилиши маданий меросимизнинг келажаги учун улкан аҳамиятга эга. Бу нафақат миллий маданиятимизнинг қадрини ошириш, балки уни халқаро майдонда кенгроқ тарғиб қилишга имкон яратади. Ҳозирги кунда қўбиз ва жировчилик санъатига оид тадқиқотлар олиб борилмоқда ва уларни кенг жамоатчиликка етказиш бўйича турли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатли фильм орқали Қорақалпоғистон маданияти ва анъаналарига бўлган қизиқишни ошириш, миллий ўзига хосликни тарғиб қилиш ва ёш авлодни ушбу ноёб санъат турларига жалб қилиш мақсад қилинган. Ушбу фильм келажакда қўбиз ва жировчилик санъати бўйича янги тадқиқотлар ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга туртки беради.

ЮНЕСКО томонидан амалга оширилган бу ташаббус Қорақалпоқ миллий маданиятини дунёга танитишда муҳим аҳамият касб этади. Бу орқали миллий меросимиз нафақат сақланиб қолади, балки келажак авлодларга мустаҳкам илдизлар асосида етказилади.

 

Азизбек Дабылов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси