“ITB Berlin” халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди

2025 йилнинг 4-6-март кунлари Туризм қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жамшид Абдусаломов бошчилигидаги туризм соҳаси мутахассислари дунёдаги энг йирик сайёҳлик кўргазмаси – “ITB Berlin” (Internationale Tourismus-Börse Berlin) халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимотини ўтказди.
Тадбирда Ўзбекистон миллий стендида 25 дан ортиқ маҳаллий сайёҳлик ташкилоти ўзларининг сайёҳлик хизматлари ва маҳсулотларини намойиш этди.
Бундан ташқари, кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини хорижда тарғиб қилиш ва сайёҳлар оқимини кўпайтиришга қаратилган қатор мамлакатлар туризм идоралари раҳбарлари билан 200 дан ортиқ “Б2Б” ва “Б2Г” учрашувлари ўтказилди.

Музокараларда мамлакатлар ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, янги сайёҳлик тўпламларини жорий этиш ва трансчегаравий йўналишларни яратиш, барқарор туризм ҳамда экотуризм, саргузашт туризм йўналишлари мавзуларига алоҳида эътибор қаратилди. Европа қитъасидан, хусусан Германиядан сайёҳларни жалб этиш бўйича аниқ келишувларга эришилди.
Шунингдек, 10 дан ортиқ хорижий ОАВ ва медиа платформа вакиллари билан ҳам учрашувлар ташкил этилди. Хорижий томонга Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, қадимий шаҳарлар, меъморий обидалар, асосий сайёҳлик йўналишлари ҳамда мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “ITB Berlin” халқаро кўргазмаси 1966 йилдан буён ўтказилиб келинадиган дунёдаги энг йирик сайёҳлик ярмаркаси ҳисобланади. Ярмаркада меҳмонхоналар, сайёҳлик кенгашлари, туроператорлар, тизим провайдерлари, авиакомпаниялар ва автоуловларни ижарага берувчи компаниялар иштирок этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА