Мунис аёлларга бағишланган байрам шукуҳи

Элликқалъа туманидаги серҳашам «Дийдор» тантаналар мажмуасида туманнинг фаол ва фидойи хотин-қизлари учун байрамона муҳит яратилиб, тантанали кеча ташкил этилди.
Тадбирда давлат ва жамоат ишларида, илм-фан, ижод ҳамда турли соҳаларда фидокорлик билан меҳнат қилаётган аёл-қизлар, ҳурматли онахонлар иштирок этдилар.

Байрам тадбирини туман ҳокими В.Ниязимбетов очиб, жамиятимизнинг таянчи бўлган муҳтарама онахонлар ва азиз хотин-қизларни 8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан самимий қутлаб, уларга эзгу тилакларини изҳор этди.
Туман ҳокими тантана иштирокчиларини самимий қутлаб, улар тимсолида бугунги кунда жамиятимизнинг турли жабҳаларида – давлат хизматида, тадбиркорликда, таълим ва илм-фанда, фарзанд тарбиясида фидокорлик кўрсатаётган барча хотин-қизларга чуқур ҳурмат-эҳтиромини изҳор этди.

Тадбир давомида юртимизда азиз оналаримиз, қадрли опа-сингилларимизнинг фаровон ҳаёт кечиришлари учун амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг ҳар бир оила ва инсон ҳаётига ижобий таъсири алоҳида эътироф этилди. Фаоллиги, ташаббускорлиги ва фидокорона меҳнати билан ажралиб турган аёл-қизларга эсдалик совғалари топширилди.
Байрам шукуҳи Қорақалпоғистон Республикаси Намунали мақом ансамбли хонандалари ҳамда эл ардоғидаги санъаткорларнинг жўшқин куй-қўшиқлари, жозибали рақслари билан давом етди. Ушбу гўзал кеча аёлларга ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида, уларнинг меҳр-муҳаббат ва эзгулик билан йўғрилган ҳаётига бағишланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги