Банкларда ипотека кредити ставкаси 19,5 фоизгача пасайтирилди (+видео)

309

Маълумки, шу йилнинг 21 февралида “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.

Ушбу фармонга кўра, 2025 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурининг асосий йўналишлари этиб ҳудудларда жами 8,1 миллион м2дан иборат 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш, ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга Давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтириш белгиланди.

Шунингдек, уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш режалаштирилди.

Ушбу фармон билан бир қатор ташкилотларга, шу жумладан Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига устувор вазифалар белгилаб берилди. Бу борадаги вазифалар ҳақида Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси бўлим бошлиғи Улуғбек Раҳматов билан суҳбатлашдик.

– Компания ва махсус ваколатли ташкилотга тижорат банкларининг ипотека кредитлари ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқининг берилиши қандай натижалар бермоқда? 

– Ҳозирги ҳолат компаниянинг административ ишларини камайтиради, — дейди Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси бўлим бошлиғи Улуғбек Раҳматов. — Ипотека кредити маълумотларининг шаффофлигини таъминлайди. Маълумотларни тезкор алмашишга йўл очади, инвесторлар учун шаффофликни таъминлайди. Ипотека кредитлари ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотлар алмашинувининг тезкорлигини таъминлайди. Шунингдек, ипотека кредитларининг тарихидан келиб чиқиб таҳлил жараёнларини ўтказиш имконини беради.

– Маълумотлар алмашинуви бўйича халқаро тажриба қандай? Ўзбекистон учун қандай тавсиялар бериш мумкин?

–Бу каби тажрибани Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва Канадада кўришимиз мумкин. Бунда банклар ипотека кредитлари тўғрисидаги чекланган маълумотларни ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотларига марказлашган кредит маълумотлари киритилган тизим орқали тақдим қилади. Малайзиянинг нуфузли ипотекани қайта молиялаштириш компаниясида эса Ипотека кредитлари тўғрисидаги Автомат узатилган маълумотлар худди биз каби қайта молиялаштириш ва секюритизация учун ишлатилади.

–Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан компанияга ажратиладиган кредит ресурслари қандай шартларда тақдим этилади?

–Икки хил йўналиш: Бирламчи уй-жой бозоридан хонадон сотиб олиш учун ва “Яшил” ипотека кредитларининг жозибадорлигини ошириш учун берилади. Биринчисида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Марказий банк асосий ставкаси +1 фоизда беради. Компания бу ресурслар орқали Марказий банк асосий ставкаси +6 фоизгача бўлган ипотека кредитларини қайта молиялаштиради. Иккинчисида Халқаро молия институтларидан жалб қилинган ресурслар билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маблағлари аралаштирилади ва аҳолига мақбул шартларда ипотека кредитлари ажратилишига эришилади.

–Марказий банкнинг асосий ставкаси асосида белгиланган фоиз ставкалари кредитлаш шароитларига қандай таъсир кўрсатади?

–Бунда ипотека кредитлари ўзгармас фоиз ставкасида шакллантирилади, бироқ қайта молиялаштириш пайтида Марказий банк ставкаси ўзгарадиган бўлса, кредит ставкасини ўзгартириши зарур бўлади, яъни пасайтирилади.

– “Яшил таъмир” кредитларини арзонлаштириш мақсадида халқаро молия институтларининг ресурслари қанчалик самарали ишлатилиши керак?

–Бу янги йўналиш. Мамлакатимизда биринчи маротаба бундай кредит тури жорий қилинган. Самарали ишлатиш кўп жиҳатларга боғлиқ. Коммунал тўловларнинг бозор шартларига қадамба-қадам ўтиши, аҳолининг энергия самарадор воситалар ҳақида тушунчалари ҳосил бўлиши ва молиялаштириш манбаларининг қулай шартларда ажратилишига боғлиқ.

– Фармонга кўра, Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси  банкларга ресурс йўналтириши белгиланган. Бу борада қандай ишлар олиб борилмоқда?

– Фармон доирасида компания ҳамкор тижорат банкларига 2,3 триллион сўм маблағ йўналтиришни режалаштирган. Бунда компания ушбу маблағларни 3 хил йўналишда ажратишни мақсад қилган. Биринчиси, тижорий шартларда ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун. Бунда компания ресурсларни маҳаллий капитал бозорида корпоратив облигациялар эмиссияси орқали жалб қилади. Халқаро молия институтларидан маблағлар жалб қилинади. Фармон доирасида белгиланган шартларда бирламчи уй-жой бозоридан уй-жой сотиб олиш кўпи билан Марказий банк асосий ставкаси +6 фоиз ставкада ажратилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун ажратилади. Шунингдек, “Яшил таъмир” ва “Яшил уй-жой” олди-сотдиси учун ажратиладиган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш назарда тутилган.

Ҳозирги кунда бу 3 турдаги маҳсулотимиз ҳамкор тижорат банклари томонидан шакллантириб келинмоқда. Компания ҳар хил шартлардаги ресурсларни молия институтларидан жалб қилган тақдирда ҳам ҳамкор банклар орқали фуқароларга ўзгармас шартларда ипотека кредитлари ажратилишига ҳаракат қилинмоқда.

Шунингдек, Президент фармонига мувофиқ, Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари асосида ажратилаётган ипотека кредитлари учун фоиз ставкалари туширилди. Эндиликда, ушбу кредит фоиз ставкаси – Марказий банк асосий ставкаси + 6 фоиз қилиб белгиланди (аввал асосий ставка + 8 фоиз эди). Ҳозирги кунда бу 19,5  фоизни ташкил қилади.

–Мамлакатимизда кредит фоиз ставкалари нега юқори?

Қўшни давлатлар ёки Ўзбекистон билан иқтисодий даражаси тенг давлатларни таққослайдиган бўлсак, мамлакатимизда ажратилаётган кредитлар фоизи юқори деб айтиш мумкин. Лекин иқтисодий фактларни инобатга оладиган бўлсак, фоиз ставкаси деярли бир хил даражада шаклланган. Биринчи навбатда фоиз ставкаси қаердан шаклланиб келади, деган саволга жавоб берадиган бўлсак, бу биринчи навбатда давлатнинг иқтисодий ҳолатидан, инфляция даражаси, аҳоли даромадларидан келиб чиқиб шаклланади. Айнан шу инфляция даражасини инобатга олган ҳолда  яъни, инфляцияни чиқариб ташлаб, ипотека кредитларини реал фоиз ставкаси деб таққослайдиган бўлсак, қўшни давлатлар билан Ўзбекистон бозори бемалол рақобат қила олади. Яъни, қўшни давлатлар билан Ўзбекистондаги ипотека фоиз ставкаси бир хил шаклланган.

– Ипотека кредити бериш учун узоқ муддатли ресурс маблағлари керак бўлади. Бу ресурс маблағларни Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси қаердан олади?

– Бу ипотека бозорини шакллантиришда энг асосий жиҳат ҳисобланади. Яъни, банк тизимидаги ресурс маблағлари манбасига эътибор қаратадиган бўлсак, хоҳ маҳаллий бозорда бўлсин, хоҳ халқаро қайта молиялаштириш бозорида бўлсин, маблағлар асосан 3 ёки 5 йилгача бўлган муддатга жалб қилинади. Ипотека кредитлари асосан 10-20 йилгача бўлган муддатга шакллантирилади. Компаниянинг ипотека бозорини ривожлантиришга  қўшаётган энг катта ҳиссаси ҳам шу жиҳатдан банкларга енгиллик бериш саналади. Яъни, маҳаллий бозордан ёки халқаро капитал бозоридан 3-5 йилга жалб қилинган маблағларни тижорат банкларига имкон қадар узоқроқ муддатга ажратиб беришга ҳаракат қилади. Бу орқали тижорат банкларига узоқроқ муддатга ажратилган маблағлар фуқароларга 10-20 йил муддатга кредит берилишига хизмат қилади.

Шаҳноза Маматуропова,

Дониёр Ёқубов (видео), ЎзА