Тошкентдаги олийгоҳ филиалида ахборот технологиялари бўйича янги йўналиш очилди

Замонавий дунё рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва илғор ҳисоблаш тизимлари туфайли жадал ривожланмоқда. Шу шароитда юқори малакали IT-мутахассислар фан, саноат ва бизнеснинг турли соҳаларида асосий омиллардан бирига айланяпти.
Шундан келиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиали “Информатика ва ҳисоблаш техникаси” йўналиши очилди. Шу тариқа бакалаврлар тайёрлаш йўналишларининг сони олтитага етди.
Мазкур филиал ижрочи директори Шавкат Абдукомиловнинг маълум қилишича, IT-дастурини жорий этиш қарори меҳнат бозори эҳтиёжлари ва Ўзбекистон иқтисодиётини рақамлаштириш бўйича стратегик вазифаларнинг чуқур таҳлили асосида қабул қилинган.
– Ўзбекистон бугунги кунда IT-мутахассислар учун жозибали жойга айланмоқда, – деди Ш.Абдукомилов. – Бу ерга халқаро компаниялар ҳам, мустақил ишлаб чиқувчилар ҳам кўчиб келмоқда. Биз фундаментал тайёргарликка эга мутахассисларга юқори талабни кўряпмиз. Университетимиз нафақат тижорат секторида, балки атом энергетикаси, киберхавфсизлик ва мураккаб технология жараёнларини бошқариш каби стратегик соҳаларда ҳам ишлашга қодир бўлган юқори малакали IT-кадрларни тайёрлаш борасида ўз ўрнини эгаллашни мақсад қилган.
2018 йилда ташкил этилганидан буён Тошкент шаҳридаги MMФИ МТЯУ филиали энергетика соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш бўйича етакчи марказ сифатида ўзини намоён қилди. Ҳозирги кунда университетда 250 нафарга яқин талаба “Ядро энергетикаси ва иссиқлик физикаси”, “Ядро физикаси ва технологиялари”, “Иссиқлик энергетикаси ва иссиқлик техникаси” ва “Электроэнергетика ва электротехника” йўналишлари бўйича таҳсил олмоқда. 2023 йилда бакалаврларнинг биринчи битирув маросими муваффақиятли ўтказилди. Уларнинг катта қисми ўқишни дунёнинг етакчи университетларида давом эттирди.
Икки йил ичида тахминан 50 нафар бакалавр Москвадаги MMФИ МТЯУ бош университетининг магистратура дастурларида ҳамда Франция, Италия, Венгрия, Корея ва Хитойнинг етакчи техник олийгоҳларида таҳсил олишни танлади. Филиал маълумотларига кўра, ҳар йили битирувчиларнинг деярли ярми магистратурага муваффақиятли қабул қилинади. Бу эса талабаларнинг юқори тайёргарлик даражасидан далолат беради.
IT-йўналишининг жорий этилиши етакчи россиялик ва халқаро компаниялар билан ҳамкорлик туфайли амалга оширилди. Жумладан, филиал рақамли технологиялар бозорининг йирик иштирокчилари билан амалиёт ва стажировкаларни ташкил этиш масалалари бўйича музокаралар олиб бормоқда. IT-кадрлар тайёргарлиги мустаҳкам математик негизда қурилади ва бу асосий рақобатбардош устунликлардан бири саналади.
MMФИ анъанавий равишда математика ва физика бўйича юқори даражадаги таълими билан машҳур бўлиб, бу фундаментал тайёргарлик битирувчиларга муҳим устунлик беради. Улар нафақат дастурлаш соҳасида ишлай олади, балки сунъий интеллект, машинани ўргатиш ва рақамли симуляциялар билан боғлиқ мураккаб технологик ишланмаларни ҳам амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Янги таълим дастурида фанлараро тадқиқотларга алоҳида эътибор қаратилади. Талабалар автопилот тизимларини ишлаб чиқиш, технологик жараёнларнинг рақамли прототипларини яратиш ва мураккаб муҳандислик объектларини бошқаришда сунъий интеллект ечимларини жорий этишга қаратилган лойиҳаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Филиалимизда реактор ишлашини рақамли муҳитда моделлаштириш имконини берувчи VR-лаборатория фаолият юритмоқда. Шунингдек, АЭС операторлари учун реакторни бошқариш пультининг рақамли модели билан ишлаш шароити яратилган.
Янги IT-йўналиш билан бирга филиалда “Тиббий физика: ядро тиббиёти” таълим дастури ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу истиқболли йўналиш тиббий физика мутахассисларини тайёрлашга қаратилган бўлиб, улар онкологик касалликларни диагностика қилиш ва даволаш соҳасида ишлайди. Дастур битирувчилари радиацион тиббиёт, ядро диагностика ва замонавий нур терапия технологияларини қўллаш бўйича таълим олади. Келажакда улар шифохоналар, илмий лабораториялар ва илғор диагностика ҳамда даволаш усулларини ишлаб чиқувчи тиббий технологик компанияларда фаолият олиб бориши мумкин. Режага кўра, ҳар бир янги йўналиш бўйича 2025 йилда шартнома асосида 50 нафар талаба қабул қилиниши мўлжалланган.
Мухтасар айтганда, “Информатика ва ҳисоблаш техникаси” ва “Ядро тиббиёти” дастурлари бўйича янги қабул 2025 йилда бошланади. Қабул жараёни доирасида абитуриентлар таълим ва касбий ўсиш имкониятлари билан яқиндан танишишлари учун очиқ маърузалар, тақдимотлар ва саноат вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши кўзда тутилган.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.