Трампнинг Конгрессга мурожаати

АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уй эгаси сифатида иккинчи муддатида илк бор Конгресснинг ҳар икки палатасида нутқ сўзлади. У Украинада тинчлик бўйича ишлаш, Панама канали ва Гренландия бўйича режалар ҳақида гапириб, Американи мисли кўрилмаган фаровонлик кутаётганини таъкидлади.
Украина
Украинадаги бемаъни можарога барҳам бериш, урушни тўхтатиш вақти келди, Америка томони Москвадан тинчлик ўрнатишга тайёрлиги ҳақида жиддий белши олди, деди Трамп. У Владимир Зеленскийдан ҳам мактуб олганини маълум қилган.
– Украина узоқ муддатли тинчликка эришиш учун имкон қадар тезроқ музокара даврасига ўтиришга тайёр, – деди Оқ уй раҳбари.
Савдо божи
Президент Америка товарларига оширилган бож ундирувчи мамлакатларга нисбатан жавоб тарифи жорий қилмоқчи.
– Ҳиндистон машиналаримизга 100 фоиздан кўп, Хитой икки баробар кўпроқ солиқ солади, Европа ҳам шундай қилади, – деди у. – Бу ҳолат 2 апрелда ўзгаради. АҚШни бозорига киритмаган давлатга нисбатан 2 апрелдан Вашингтоннинг жавоб тарифи кучга киради.
Иқтисодиёт
– Яқин келажакда 24 йил давомида қилинмаган иш амалга оширилади, – дейди Трамп. – Яъни, федерал бюджет мувозанатга келади. Вашингтон “зўр, меҳнаткаш одамлар”ни жалб қилиш орқали давлат қарзини камайтириш ниятида. Шунингдек, АҚШ бой хорижий инвесторларга беш миллион доллар эвазига Америка фуқаролигини олиш имконини берувчи “олтин карта” дастурини ишга туширишга тайёрланмоқда. Саноатчилар Қўшма Штатларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришдан бош тортганлик учун мажбурий тўловга дуч келади. Ҳар қандай соҳада мутахассис ишга олинади. Ирқ ёки жинс эмас, балки касбий маҳорат муҳим. Янги сиёсат миллий ишлаб чиқариш ва Америка иқтисодиётини ҳимоя қилишга қаратилган.
Бундан ташқари етакчи Панама канали ва Гренландия ороли мавзусига ҳам тўхталди:
– Маъмурият Панама каналини қайтариб олади. Биз бу ишни амалга ошира бошладик. Бир йирик компания канал атрофидаги икки порт сотиб олинишини эълон қилди. Биз Гренландия халқининг ўз келажагини белгилаш ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Муайян танловни биз мамнуният билан қабул қиламиз. Мақсадимизга эришиш учун барча томонлар билан ишлаймиз, чунки Гренландия нафақат миллий, балки халқаро хавфсизлик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Қуролли кучларни ривожлантириш
– Бош қўмондон сифатида мен Конгрессдан ватанимизни ҳимоя қилиш учун илғор ракетадан мудофаа қалқони молиялаштирилишини сўрайман, – давом этди Трамп. – Янги ракетага қарши мудофаа тизими миллий хавфсизликни мустаҳкамлайдиган асосий унсур бўлади ва мамлакатни ташқи таҳдиддан ҳимоя қилади. Ҳарбий устунликни сақлаб қолиш учун илғор технологияга сармоя киритиши керак. Январь ойида Америка армияси охирги 15 йил ичида энг яхши ёллаш ойини ўтказди.
Гиёҳванд моддалар ва мигрантлар
– Конгрессга гиёҳванд моддалар ва муҳожирлар билан боғлиқ таҳдидларни бартараф этиш, ватанимизни ҳимоя қилиш ва мамлакат тарихидаги энг йирик депортация амалиётини якунлаш бўйича батафсил молиявий сўров юбордик, – дейди АҚШ етакчиси. Ҳатто, ноқонуний иммиграция ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши ҳозирги рекордчи, Президент Дуайт Эйзенхауэрдан ҳам кескинроқ курашиш Трамп маъмурияти фаолиятининг устувор йўналиши бўлиб қолади.
Ўзи ҳақида
Оқ уй раҳбари ўз ваколати муддати жуда муваффақиятли бошланди, деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, ҳозирги ҳукумат “43 кунда аксарият маъмуриятлар тўрт-саккиз йил ичида қилганидан кўра кўпроқ иш бажарган”.
Бошқа баёнотлар
АҚШ коинотни тадқиқ қилишда етакчи бўлади ва келажакда Америка байроғини Марсга тикади, деди Трамп. Қўшма Штатлар Аляскада дунёдаги энг йирик газ қувурларидан бирини яратиш устида ишламоқда.
Президент демократларни унинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашни истамасликда айблади.
– Энг даҳшатли касалликка даво топишим, бутун халқларни қутқаришим, жиноятчиликни тўхтатишим мумкин, лекин улар барибир мени олқишламайди, – деди етакчи демократлардан ёзғириб.
Унинг чиқиши бошиданоқ залдагиларнинг норози бақириғи билан бир неча бор тўхтатилган. Ҳатто, Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон улардан бирини залдан чиқариб юборишни буюрган.
Бир ярим соатлик нутқ сўнгида Трамп Қўшма Штатлар мисли кўрилмаган фаровонлик остонасида турганини таъкидлаган:
– Америкаликлар ақл бовар қилмайдиган келажакка тайёрланиши керак, чунки АҚШнинг олтин даври энди бошланмоқда.
С.Раҳимов,ЎзА