Бошқарма бошлиғи кубоги: энг кучлилар ғолиб бўлди

8-март – «Халқаро хотин-қизлар байрами» куни муносабати билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ташаббуси билан «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ва Бошқарма тизимидаги ташкилотларда фаолият юритувчи хотин-қизлар ўртасида «Бошқарма бошлиғи кубоги» спорт мусобақаси ташкил этилди.

Дастлаб спорт мусобоқасининг тантанали очилиш маросими бўлиб, унда Бошқарма бошлиғи С.Данияров барча иштирокчиларни келаётган байрам муносабати билан қутлаб, уларга омад тилади.
Мусобақада 250 дан ортиқ ходимлар иштирок этди. Бу тадбир аёллар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ва уларнинг спортга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида ўтказилди.

Муросасиз ўтган мусобоқа якунида биринчи ўринни Нукус шаҳри «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази эгаллади. Шунингдек, Хўжайли тумани 3-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси иккинчи, Чимбой тумани 24-сонли кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом, эсдалик совғалари ва Бошқарма бошлиғи кубоги билан тақдирланди.
Азизбек Дабылов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси