АҚШ – Украина: музокара эшиги ҳали ёпилмаган

“Рейтер” агентлиги манбаларга таяниб, АҚШ Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тўхтатди”, – деб ёзди.
“Блумберг” эса Америка етакчисининг қарори Вашингтон Киевга кўрсатаётган барча жорий ҳарбий ёрдамга тааллуқли, дея таъкидлади.
АҚШдан юборилган, лекин ҳалигача Украинага етказилмаган қуролларни Украина ҳарбийларига топшириш тўхтатилади, деган исмини ошкор этмаган Америка юқори мартабали расмийси.
Танаффус Трамп “Украина раҳбарияти урушни тинч йўл билан ҳал қилиш мажбуриятини намойиш қилди” деган қарорга келгунига қадар давом этади, дейилган хабарда.
Аввалроқ Оқ уй вакили Президент Дональд Трамп маъмурияти томонидан Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиш қарори қабул қилингани ҳақидаги хабарларни тасдиқлаб, Вашингтон Украинани тинчликка эришиш тарафдори бўлишга чақирган эди.
Ўтган ҳафта Трамп Оқ уйда Украина минерал ресурсларини биргаликда ўзлаштириш бўйича келишувни имзолаш учун келган Президент Владимир Зеленский билан тортишиб қолди. АҚШ етакчиси суҳбатдошидан ўт очишни тўхтатишга рози бўлиш ва Россия раҳбари Владимир Путинни танқид қилишдан чекланишни талаб қилди. Вице-президент Жей Ди Вэнс эса Зеленскийни демократларнинг ношукур ташвиқотчиси, деб атади.
Учрашув якунида Трамп Зеленский тинчликка тайёр эмаслигини иддао қилиб, уни Қўшма Штатларга ҳурмат кўрсатмаганликда айблади. Даҳанаки айтишувдан кейин Киев делегациясидан Оқ уйни тарк этиш сўралган ва натижада келишув имзоланмай қолган.
Шу воқеадан кейин Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Зеленский ўзига келиши ва музокара даврасига қайтиши кераклиги, акс ҳолда Украинани бошқа биров бошқариши зарурлигини айтди.
Энди нима бўлади?
“Economist” нашри ёзишича, АҚШ ёрдами тўхтатилиши Украина Қуролли кучларида қурбонлар сони ошишига олиб келади.
Таҳлилчилар фикрича, украиналик ҳарбийлар ҳамон АҚШ қўлловига кучли эҳтиёж сезади. Снаряд етказилмаса, айрим замбараклардан фойдаланиш камаяди. “Patriot” ҳаво мудофааси тизимига янги ракета берилмаса, украинлар кўп шаҳарларда ҳаво ҳужумига қарши мудофаани таъминлай олмайди.
Олий Рада депутати Ирина Герашченко ҳам кўмак чекланиши Киевга жиддий ва кескин зарба бўлишини таъкидлаган.
Агар АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатса, бутун фронт ўта жиддий ва сезиларли зарбага учрайди, – деб ёзган у ижтимоий тармоқ орқали. – Бунинг олдини олиш ёки аҳволни тузатиш учун имкон даражасида ҳаракат қилишга мажбурмиз.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир Украина ҳукумати ва жамияти ўртасида жиддий ва ҳалол суҳбат ўтказиш зарур.Афсуски, Зеленский парламент билан учрашмаяпти.
Муносабатни сақлаб қолиш имкони борми?
Трамп Оқ уйдаги муваффақиятсиз мулоқотдан сўнг Украина билан минерал моддалар қазиб олиш бўйича келишув бекор бўлди, деган тахминни рад этди.
– Йўқ, мен бундай ўйламайман, – деди у айни мавзуга изоҳ бераркан. – Биз можарога имкон қадар тезроқ барҳам беришни истаймиз, уруш йиллар давом этишини хоҳламаймиз.
Америка раҳбари ишончли тинчлик келишуви доирасида Россияга қарши қатор санкциялар бекор қилиниши эҳтимолини ҳам инкор этмаган.
Хабарларга кўра, давлат раҳбари сешанба куни Конгресснинг ҳар икки палатаси қўшма мажлисида нутқ сўзлайди.
Кейинчалик Президентнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолц баёнот бериб, “Трамп музокарани қайта бошлаш учун очиқ, фақат Зеленский позициясини қайта кўриб чиқиши, кечирим сўраши ва фойдали қазилмалар бўйича келишувни имзолашга тайёр бўлиши ҳамда тинчлик музокарасига киришишини билдириши керак”, – деди.
Мулоқотни давом эттириш умидидан расмий Киев ҳам воз кечмаганини таъкидламоқда. Зеленский душанба куни “Биз Америка ва европалик ҳамкорлар билан бирга ишлаяпмиз, тинчлик йўлида АҚШнинг қўллаб-қувватловидан умидвормиз, тинчлик имкон қадар тезроқ керак”, – деб ёзган у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
С.Раҳимов, ЎзА