Жамоат транспортидан кимлар бепул фойдалана олади?
Ҳуқуқий муносабат
Маълумки, Ўзбекистоннинг барча шаҳарларида айрим тоифадаги фуқароларга йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиши учун имтиёзлари берилган.

Хўш, бу имтиёзлар кимлар учун? Уни қаердан, қандай тартибда олиш мумкин? Имтиёзли картадан кимлар фойдалана олади?
Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев бу борада қуйидаги ҳуқуқий тушунчаларни берди:
–Ўзбекистон Республикасининг “Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қонунга кўра, шаҳар йўловчилар транспортидан (таксидан ташқари)бепул фойдаланиш ҳуқуқи фақат 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахсларга берилади.

Шунингдек, 1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар, Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналминалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар, ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар ушбу имтиёздан фойдаланиши мумкин.
Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар, ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳам йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишлари мумкин.
Гулноза Бобоева,
ЎзА