Тошкент татамисида дунё дзюдосининг янги бўлажак юлдузлари кашф этилди

337

Дунё дзюдо ишқибозлари нигоҳини Тошкентга қаратган “Катта дубулға» туркумидаги “OTP Group Tashkent Grand Slam” турнири якунланди.

Бетакрор дзюдо усулларига бой кечган турнир сарҳисобига кўра, нуфузли мусобақа медалларига Осиё, Европа ва Америка қитъасининг 13 та давлат вакиллари эга чиқди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари эркаклар ва аёллар тоифасида умумий 12 та медалга сазовор бўлишди. Шундан 1 таси олтин, 3 таси кумуш, 8 та бронза.

Халқаро турнирнинг сўнгги кунида ҳамюртларимиз 1 та олтин ва 3 та бронза медалини қўлга киритгани мухлисларга бир олам завқ бағишлади.

Терма жамоамиз аъзоларидан Шаҳзодхўжа Шарипов -90 кило оғирликда ўтган саралаш мусобақаларида Европа чемпиони, Халқаро дзюдо федерацияси рейтингида 6-ўринда бораётган сербиялик Неманья Майдовни, хитойлик ёш дзюдочи Цзяцзе Песняни томошабинлар сафига кузатиб қўйди. Ярим финал остонасида Нурбек Муртазоевни енгиб, финалда Комей Кавабата билан кураш олиб борди.

Шиддатли кечган беллашувда умидли спортчимиз дзюдо ватани вакилидан мураккаб вазиятда устун келишга эришди ва Ўзбекистон учун “OTP Group Tashkent Grand Slam” турнирининг ягона олтин медалини олиб берди.

Ўз навбатида Шариповга йўл берган яна бир дзюдочимиз Нурбек Муртазоев бронза учун баҳсда Егор Малкин (IJF)ни мағлуб этиб, шоҳсупанинг 3-поғонасидан жой олишга муваффақ бўлди.

Беллашувларда -100 кг вазнда Эрназар Сарсенбаев, +100 килограммда Алишер Юсупов бронза медалларини ўзиники қилди.

Тошкент татамисида ўзига хос спорт жозибасини намойиш этган беллашувлар дунё дзюдосига кўплаб ёш юлдузларни кашф этиб бергани билан аҳамиятли бўлди.

Тўлқин Рўзиев,

Алимурод Мамадаминов (сурат)

ЎзА