Япония Ўзбекистонни “яшил” иқтисодиётга ўтишда қўллаб- қувватлайди

240

Пойтахтимизда “Ўзбекистонда қўшма молиялаш механизми имкониятлари” мавзусида семинар ўтказилди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда  Япониянинг Атроф-муҳит бўйича халқаро ҳамкорлик маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки давлат масъуллари, ишбилармонлари ва мутахассислари иштирок этди.

Тадбир очилишида Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Обидхўжаев, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор эсличиси Такаши Хатори сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги манфаатли алоқалар “яшил” иқтисодий ўсишга эришишда муҳим омил эканини қайд этди.

Таъкидланганидек, қўшма молиялаш механизми ривожланаётган мамлакатларда “яшил” лойиҳалар доирасида қисқартирилган иссиқхона газлари эмиссияларининг маълум бир қисмини лойиҳа тури ва шартларига қараб, Япониянинг замонавий технологияларини жалб қилиш ёки лойиҳа харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш орқали амалга оширишни кўзда тутади.

Шунингдек, 2022 йилда икки мамлакат ўртасида қўшма молиялаш механизми юзасидан меморандум имзоланган. Жорий йилнинг 26 февраль куни мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Қўшма кенгашнинг биринчи йиғилиши ўтказилди. Ушбу учрашувда қўшма молиялаш механизми орқали маҳаллий тадбиркорларни “яшил” иқтисодиётга ўтишда қўллаб-қувватлаш, Япониянинг илғор технологияларини жалб қилиш ҳамда икки давлат компаниялари ўртасида B2B музокараларини ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги «яшил» иқтисодиётга ўтиш бошқармаси мутахассиси Абдужалил Маҳмудовнинг таъкидлашича, атроф-муҳитни асраш бўйича барча мамлакатлар Париж битими доирасида мажбурият олган ва бу борадаги ишларни баражаришда ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

–Шу каби Ўзбекистон ҳам иссиқхона газларини 2030 йилгача 35 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган. Бу жараён доирасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қиляпмиз. Хусусан, Япония билан ҳам алоқалар ўрнатганмиз. Париж битими доирасида шундай механизм йўлга қўйилганки, унинг олтинчи моддасига асосан давлатлар кооператив ёндашув асосида ҳамкорлик қилиб, бир-бирига инвестиция киритиши мумкин. Масалан, Япония Ўзбекистонга инвестициялар йўналтириб, замонавий технологияларни жалб этиши ва жорий этиши орқали қатор лойиҳаларни амалга оширади. Шу орқали иссиқхона газларини  қисқартириш бўйича  мажбуриятлар бажарилади. Бу жараёнда ҳар икки мамлакат манфаатлари инобатга олинади. Бугунги семинардан кўзланган асосий мақсад  ушбу механизмни кенг жамоатчиликка таништиришдир. Яъни, «яшил» лойиҳаларни амалга оширмоқчи бўлган тадбиркорлар, хусусий сектор вакиллари ва давлат корхоналари Япония компаниялари билан музокаралар олиб бориши ҳамда ҳамкорликда ишлаш имкониятига эга бўлиши учун шароит яратиш билан боғлиқ. Томонлар ўртасида имзоланган меморандумга асосан 26 февраль куни вазирлигимизда қўшма кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Икки томон вакиллари иштирокида ташкил этилган қўшма кенгаш ушбу тартибларни ишлаб чиқиб, йиғилишда тасдиқлади. Энди эса лойиҳалар бўйича аризалар қабул қилиш жараёни бошланди, –деди А. Маҳмудов.

Япониянинг Глобал атроф-муҳит маркази жамғармаси ижрочи директори Южи Мизуно икки томон учун фойдали бўлган  “яшил” лойиҳаларни тақдим этган маҳаллий тадбиркорлар қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

–Бизнинг асосий мақсадимиз иссиқхона газларини қисқартириш бўлиб, ушбу йўналишда 29 давлат билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Бу борада Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Жамғарма фаолиятига келсак, ривожланаётган давлатларга инвестиция киритиш орқали иссиқхона газларини қисқартириш ва уларнинг халқаро мажбуриятларини бажаришига ҳисса қўшишга қаратилган. Шу мақсадда ривожланаётган мамлакатлар учун режалаштирилган умумий инвестиция миқдори 100 миллион доллардан ортиқни ташкил этади. Мазкур маблағ барча ҳамкорлар учун мўлжалланган. Дейлик, лойиҳалар Ўзбекистон ва Япония учун манфаатли бўлса, албатта,  улар кўриб чиқилади. Шунингдек, мамлакатимизда хусусий корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми ҳам жорий этилган.

Бу эса компанияларнинг Ўзбекистонга келиб, инвестиция киритиш имкониятини беради, –деди  Южи Мизуно.

Насиба Зиёдуллаева, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА