Шарқ матбуоти Янги Ўзбекистон ёшлари ҳақида

188

Саудия Арабистони Подшоҳлигининг “An-nahar”, Миср Араб Респрубликасининг “Almasry alyoum”, Қирғиситоннинг “Kabar” ахборот агентлиги ва бошқа қатор нашрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз ёшлари билан ўтказган мулоқоти тафсилотига кенг ўрин ажратди.

Мақолаларда давлатимиз раҳбари ёшларни “халқимизнинг олтин фонди”, деб атаганига алоҳида эътибор қаратилган. Сиёсатнинг устувор йўналишига айланган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, интилишларига шароит яратиш йўлида охирги 8 йилда олиб борилган амалий ишлар эътироф этилган. Ёш тадбиркорлар сони 3 баробар кўпайгани, улар бугун бизнес вакилларининг салкам 40 фоизини ташкил этаётгани қайд этилган.

Илмий даражали ёш олимлар сони 2 карра ошиб, 4 минг нафарга етгани, мутолаа маданиятини шакллантириш умуммиллий ҳаракатга айлангани, анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови иштирокчилари сони 3 миллионга кўтарилганига урғу берилган.

Юртимиздаги ёшлар сиёсати халқаро жамоатчилик томонидан ҳам тан олинмоқда. Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Ёшлар-2030” стратегиясини жадал амалга ошираётган етакчи 10 давлат қаторидан жой олди.

Нашрлар мамлакат етакчисининг қуйидаги сўзларини иқтибос сифатида келтирган:

– Сизлар билан маслаҳат ва мулоқотни фаолиятимиздаги асосий мезонлардан бири, деб биламиз. Сизлар ҳам бундай юксак ишончга муносиб бўлиб, жонажон Ватанимизни ҳар томонлама ривожланган, гўзал ва фаровон мамлакатга, Учинчи Ренессанс диёрига айлантиришда олдинги сафларда бўласиз, деб ишонаман.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА