Мамлакатимизда ўткир респиратор вирусли инфекция тарқалдими?

Ижтимоий тармоқларда юртимиз бўйлаб ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олгани, айниқса, мактаб ва боғчаларда касаллик кенг тарқалгани, оқибатда поликлиникалар эмланмаган бемор болалар билан тўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Хўш, бу қанчалик асосли?
Ушбу саволга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков батафсил жавоб берди.
– Аввало шуни айтиш керакки, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган бу хабарлар ҳақиқатга зид, — дейди мутахассис. — Боиси, айни пайтда юртимизда мавсумий респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарор ва хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ. Ҳаво-томчи йўли орқали юқадиган ўткир респиратор вирусли инфекциялар мавсумий характерга эга бўлиб, уларнинг кўтарилиш даври куз-қиш ва қиш-баҳор ойларига тўғри келади. Бундан эса зинҳор хавотирга тушиш керак эмас.
Мисол учун, бир неча кун аввал мамлакатимизда қиш мавсумига хос бўлмаган илиқ об-ҳаво кузатилди. Кеча эса, аксинча, ҳудудларда қор ёғиб ўтди. Албатта, ҳавонинг бундай тез-тез ўзгарувчанлиги боис аксарият инсонлар мавсумга мос кийинишга етарлича эътибор қаратмайди. Қолаверса, бундай иқлим шароитида хонадонлар ва ёпиқ бино-иншоотларда ҳаво алмашинуви камайиши ҳисобига атмосферада вируслар концентрацияси ошиши кузатилади.
Биламизки, респиратор хасталикларни келтириб чиқарадиган вирусларнинг турлари жуда кўп. Грипп, парагрипп, реновирус, аденовирус, ҳатто, коронавирус инфекциялари шулар жумласидан. Шу сабабли ҳозир кузатилаётган ўткир респиратор вирусли инфекцияларни табиий ҳолат, деб қабул қилиш зарур. Ушбу турдаги касалликлар бир неча клиник белгилар билан намоён бўлади. Дастлаб бурун шиллиқ қаватида қичишиш, кейинчалик ҳид билиш қобилияти қисман пасайиши, аксириш, бурун оқиши кузатилади.
Кейинчалик эса томоқда ачишиш, қуриш, оғриқ, овоз бўғилиши ва қуруқ йўтал пайдо бўлиши мумкин. Касалликдан тузалиш босқичида эса балғам кўчиши, хасталикнинг юмшаши, йўтал чоғида оғриқлар пасайиши сингари ҳолатлар қайд этилади. Бундай пайтда, энг аввало, эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш учун беморлар жамоат жойларига чиқишдан, одамлар билан мулоқотдан имкон қадар ўзларини чеклашлари, ижтимоий масофа сақлаши лозим.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА