Мусиқа ва санъат мактаблари фаолияти ўрганилди

261

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг 2025 йилга мўлжалланган иш режасида Оролбўйидаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятини ўрганиш, таълим сифати бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлаш ва жамоатчилик эшитувини ташкил этиш белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгес депутати Тажибай Романов, халқ депутатлари Нукус шаҳар кенгаши депутати Эндирбай Абдуллаев ва соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Нукус шаҳридаги 12-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлди.

Ўтказилган ўрганиш давомида мактаб биносининг бугунги ҳолати, моддий-техник базаси, ўқувчиларга таълим бераётган педагогларнинг мутахассислиги тўғри танланганлиги, ўқув жараёнида фойдаланилаётган дарсликлар ва бошқа масалалар бўйича маълумотлар олинди. Шунингдек, ишчи гуруҳ аъзолари шу куни Нукус шаҳридаги 22- ва 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабларига ташриф буюриб, ўқув юртлари фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўрганиш ишлари 24-26 февраль кунлари Нукус шаҳри ва барча туманларида ўтказилиб, аниқланган камчиликлар ва муаммолар ишчи гуруҳ аъзолари томонидан таҳлил қилинди. Якуний хулосалар тайёрланиб, амалга оширилиш лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири