Британия Парламенти Жамоатчилик палатаси аъзоси Ўзбекистонда кечаётган янгиланишларни юксак баҳолади

Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британия Парламенти Жамоатчилик палатаси аъзоcи, собиқ фан, технология ва инновация вазири ўринбосари Жорж Фриман билан музокара ўтказди.
Британия томони Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан сўнгги йилларда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳада эришилган ютуқларимиз билан таништирилди.
Ноиб диёримизда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришларни ижобий баҳолаб, расмий Лондон Тошкент билан барча жабҳада алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.
Суҳбат давомида ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, хусусан Парламентнинг янги аъзолари билан муносабат ўрнатиш хусусида фикр алмашилди.
Жорж Фриман фан ва инновация соҳасидаги ўзаро алоқаларнинг муҳим аҳамиятига эътибор қаратиб, айни йўналишда янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ этишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашувда сунъий интеллект, «яшил иқтисодиёт» ва «ақлли» шаҳар йўналишларида Қироллик тажрибасидан фойдаланиб, қўшма илмий ва инновацион лойиҳаларни биргаликда илгари суриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Музокара якунида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш бўйича амалий мулоқотни давом эттиришга аҳдлашилди.