Сенат қўмиталарида қандай масалаларга эътибор қаратилмоқда?

139

Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020- 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясига доир вазифалар ижроси юзасидан қишлоқ хўжалиги вазирининг ахбороти эшитилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ўтган 2024 йилда Стратегияга мувофиқ соҳани ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 467 триллион сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 3,1 фоизга ўсган.

Янги мевали боғлар ва узумзор барпо этилиб, самарадорлиги паст бўлган боғ ва узумзорлар реконструкция қилинган. Натижада экспорт географияси кенгайиб, 2,3 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинган.

Ўтган йили 1,3 миллион гектарга яқин суғориладиган ҳамда 240 минг гектар лалми майдонда бошоқли дон экинлари экилиб, жами 8,9 миллион тонна ҳосил етиштирилган ҳамда ўртача ҳосилдорлик 85,1 центнерга етказилган.

Сенаторлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга бир қатор йўналишларда камчиликларга йўл қўйилганини ҳам айтиб ўтди. Жумладан, маҳаллий селекцияга мансуб янги нав ва дурагайларни етиштириш бўйича ишлар етарли даражада йўлга қўйилмаган. Етиштирилаётган картошка, мева-сабзавот, полиз ва узум маҳсулотларини музлаткичли сиғимларда сақлаш имконияти етарли даражада эмас.

Сув таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, соҳага тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш ишлари етарли даражада эмаслиги, экспортбоп экинлар экиш учун мўлжалланган ер участкаларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали сотиш ишлари сустлиги таъкидланди.

Муҳокама якуни бўйича кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича нархлар барқарорлигини таъминлаш, уруғчиликни ривожлантириш, логистика марказини ташкил қилишни жадаллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда соҳага ресурс тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича тавсиялар берилди.

***

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар парламенти аъзолари ўртасида келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Ёшлар парламенти аъзолари билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар ҳақида фикр алмашилди.

Ёшлар парламенти аъзолари қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига етказишда, хусусан,ёшлар ўртасида тарғиботини олиб боришда фаоллик кўрсатиши зарурлиги таъкидланди.

Парламент назорати доирасида мактабгача ва мактаб таълими, касб-ҳунар таълими ва олий таълим йўналиши, шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунлар ижроси юзасидан назорат-таҳлил тадбирларида сенаторлар ва Ёшлар парламенти аъзоларининг келгусидаги режалари муҳокама қилинди.

Жумладан, ёшлар билан ишлаш, ёш ходимларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш, ёшларга оид қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик мониторингини олиб бориш, шунингдек, ҳамкорликдаги режаларни белгилаб олиш, уларни амалга ошириш бўйича манзилли чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА