Green University таркибида мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди

190

Бугун АОКАда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лола Раҳмонбоева брифинг ўтказди.

Брифингда таъкидланишича, илк бор экологик таълим жараёнларини комплекс жамлаган ҳолда Университет таркибида 3 та илмий тадқиқот институт, 2 та касб ҳунарга йўналтирилган техникум, экологик йўналишдаги ходимларни малака ошириш маркази, 1 та умумий ўрта таълим мактаби ва 1 та мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди.

Ҳозирда университетда экология, барқарор бошқарув, атроф-муҳит иқтисодиёти, экология ҳуқуқи, экологик инновация ва рақамлаштириш йўналишларида бакалавр ва магистрлар тайёрланмоқда. Шу билан бирга ҳар йили Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўрни ажратилади.

Шунингдек, Университетда хорижий олий таълим ташкилотлари билан академик ва касбий тажриба алмашиш йўлга қўйилган бўлиб, ўқув дастурлари улар билан ҳамкорликда, “фан-таълим-ишлаб чиқариш интеграцияси” тамойили асосида ишлаб чиқилган. Муассасада фанлараро тадқиқотлар қилиш, инновацион педагогик услуб ва технологияларни ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ва амалий билимларни интеграция қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янги ўқув йилидан университетда дуал таълимни йўлга қўйиш, уруғчилик, кўчатчилик, иқлим ўзгариши бўйича қисқа курслар ташкил қилиб, ҳар йили 1 минг нафар ходимнинг малакасини ошириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ҳар йили “Ёш экологлар” ҳаракати қурултойига Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 1 000 нафарга яқин эковолонтёр ёш жалб қилинмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда бугунги кунда 10 минг 118 та умумий ўрта таълим муассасаларида 31 минг 916 та экологик-билогик тўгараги ташкил этилган ва 473 минг 968 нафар ўқувчи ёш жалб қилинган. 5 минг 200 та умумтаълим мактабида “Экология бурчаклари” ташкил этилган.

Келгусида ҳам қатор долзарб вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, давлат грантлари доирасида ва хўжалик шартномалари асосида Green University ва унинг таркибидаги 3 та илмий тадқиқот институтда 9 та илмий-тадқиқот ишларини олиб борилади. Университетда “циркуляр иқтисодиёт” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилади. Бундан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида “Green University”нинг “яшил техникумлари” фаолияти йўлга қўйилади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА