Сенат: ўтган йилда содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2,2 мингдан зиёд фуқаро ҳалок бўлган

202

2024 йилда мамлакатимизда 132 минг 298 жиноят содир этилган. Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 199 тадан тўғри келган.

Олди олиниши лозим бўлган жиноятлар сони ҳанузгача жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этмоқда. Асосий улушини ўғрилик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этиб, уларнинг 59,4 фоизи ёшлар ва 36,1 фоизи илгари судланганлар томонидан содир этилган.

Бу Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида қайд этилди.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов бошқарган мажлисда ИИВнинг 2024 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси борасида тегишли вазирлик ва идоралар билан олиб борган ҳамкорликдаги ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

Ички ишлар вазирининг ўринбосари, Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев 2024 йилда республикамизда содир этилган умумий жиноятларнинг 92,4 фоизи фош этилганини қайд этди. Қидирувдаги шахсларнинг 8 минг 736 нафари ушланган ва бедарак йўқолганларнинг 567 нафари топилган. Ходимларнинг ташаббуси билан 27 минг 953 жиноят аниқланган бўлиб, мазкур амалиёт 23,4 фоизга яхшиланган.

Бундан ташқари, 3 минг 880 нафар шахс томонидан содир этилган 3 минг 293 коррупция ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар аниқланиб, улар оқибатида етказилган 239 миллиард 584 миллион сўм миқдоридаги зарар ундирилиши ҳамда 219 нафар одам савдоси жиноятини содир этган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланган.

Бевосита маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилган. Натижада жами маҳаллаларнинг 30,6 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган. Ўз навбатида, жиноятлар қайд этилган маҳаллаларнинг 14,3 фоизи “қизил” тоифага киритилган.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган 54 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Оилавий муаммолар ва зўравонликка дуч келган хотин-қизларнинг 625 нафари Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилган.

Муҳокамалар жараёнида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси йўналишида муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган масалалар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Бундан ташқари, жиноятларнинг 7 мингдан ортиғи ишсизлар томонидан содир этилгани, жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари ҳам самарали ҳал этилмаётгани айтиб ўтилди.

Киберхавфсизлик йўналишида 58,8 минг жиноят содир этилгани ва уларнинг 97,7 фоизи фуқароларнинг банк пластик карталаридаги пулларни қўлга киритиш билан боғлиқлиги танқид остига олди.

Шу билан бирга, мажлисда барчамизни ташвишга солаётган яна бир масала – йўл-транспорт ҳодисаларининг сони юқорилигига ҳам эътибор қаратилди.

– Автомобиль йўлларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари сони, унда жароҳатланганлар ва вафот этганлар сони 2023 йилга нисбатан камайишга эришилган бўлса-да, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат ҳали ҳам тўлиқ ва самарали ўрнатилмаган, – деди қўмита раиси Қ.Бурҳонов. – Оқибатда ҳисобот даврида 9 минг 364 йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, 8 минг 901 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2,2 мингдан зиёд фуқаро ҳалок бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 47,1 фоизи ҳайдовчилар томонидан пиёдага йўл бермаслик ҳамда 22,8 фоизи белгиланган тезликка, 3,7 фоизи ухлаб қолиши ва 3,6 фоизи светофорга амал қилмаслик оқибатида содир бўлган.

Республика ҳудудида шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда йўловчи ташувчи автобусларни назорат қилиш бўйича ўтказилган махсус рейд тадбирларида автобусни маст ҳолда бошқариш билан боғлиқ 61 ҳолат аниқланган.

Кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг аниқ таклиф ва тавсиялари акс эттирилган тегишли қарори қабул қилинди.

Қарорда олди олиниши лозим бўлган жиноятлар салмоғи ортиб бораётган ҳудудларда ҳақиқий аҳволни ўрганган ҳолда вазиятни яхшилаш бўйича қўшимча чоралар кўриш кераклиги белгиланди.

Кибержиноятлардан аксарият фуқароларнинг жабр кўраётганлигини инобатга олиб, банклар ва электрон тўлов тизимлари операторлари фаолиятига махсус дастурий таъминотлар (антифрод каби) жорий этиш, замонавий таҳдидлар, банк карталари билан, шу жумладан, электрон тўлов тизимлари орқали ноқонуний операцияларнинг олдини олиш бўйича махсус тезкор-техник тадбирлар ўтказилишини кучайтириш каби вазифалар белгиланди.

Норгул Абдураимова, ЎзА