Ўзбекистон – Покистон: стратегик шериклик ва минтақавий интеграция истиқболи
“Pakistan in the world” нашри Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Стратегияни белгилаш ва мониторинг бўлими бошлиғи Абдуазиз Хидировнинг “Ўзбекистон – Покистон: стратегик шериклик ва минтақавий интеграция истиқболи” сарлавҳали мақоласини чоп этди.
Мақолада Покистон мамлакатимизнинг нафақат Жанубий Осиё ва ислом олами, балки жаҳон миқёсидаги ишончли ҳамкорларидан бири экани, мавжуд муносабатлар йилдан-йилга мустаҳкамланаётгани таъкидланган.
– Икки давлат иқтисодий алоқалари кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди, – деб ёзади муаллиф. – Икки давлат раҳбарлари томонидан ўзаро савдо айланмасини 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилингани шерикликнинг аҳамиятини янада оширади. Савдо муносабатларини янада ривожлантириш учун онлайн платформалар яратиш режалаштирилган. Шу тариқа экспорт ва импорт енгиллашиб, янги савдо йўналишлари очилади.
Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024 йил Ўзбекистон Покистонга 124,7 минг тонна, 192,3 миллион долларлик мева-сабзавот жўнатилган. Покистон 2024 йил Ўзбекистон экспорт бозоридаги энг муҳим шериклардан бирига айланиб, савдо ҳажми 300 миллион долларга етди.
Савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш мақсадида “UzbekPak International Trading Centre” савдо уйи ташкил этилди. Ушбу марказ юртимиз саноати ютуқлари, жумладан, энг сара тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари намойиш этиладиган майдончага айланмоқда. “Made in Pakistan” ва “Made in Uzbekistan” кўргазмалари ҳам савдо ва маданий ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқда.
Муаллиф Ўзбекистон ва Покистон транспорт-логистика йўналишидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтарилаётганига урғу бериб, ўтган йил ноябрь ойида Тошкент – Лаҳор йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилганига эътибор қаратган.
Шунингдек, Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган Трансафғон темир йўли Покистон денгиз портларига чиқиш имконини яратиши таъкидланган. Натижада минтақавий савдо, иқтисодий ҳамкорлик ривожланади. Темир йўлнинг узунлиги тахминан 760 километр бўлиб, Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар бўйлаб ўтади. Лойиҳанинг умумий қиймати 4,8 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Шу йил бошланадиган қурилиш ишлари беш йил давом этиб, Трансафғон темир йўли ишга тушгач, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш муддати 35 кундан 3-5 кунгача қисқаради. Шунингдек, битта стандарт контейнерни ташиш нархи қарийб уч баробар арзонлашади.
Муаллиф 2025 йил 3 январь куни Карачи шаҳрида “UzbekPak International Trading Centre” савдо уйи ва “UzbekPak Cultural Centre” маданий марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтганига тўхталиб, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси ва “Diners Group” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган маросимда Карачи шаҳри йирик тадбиркорлари, экспорт-импорт корхоналари раҳбарлари, бизнес доиралари ва туристик компаниялар вакиллари иштирок этганини қўшимча қилган.
Мақолада фахрий консул Нажиб Воҳранинг илиқ фикрларидан ҳам иқтибос келтирилган:
– Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан покистонликлар учун виза расмийлаштириш тартиби соддалаштирилгани, тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилаётгани жамиятимиз учун қувонарли ҳодиса сифатида қайта тикланаётган алоқаларимизга янгича мазмун бахш этади. Ишбилармонлар учун вақт энг қимматбаҳо неъмат, қайта тикланмас ресурс ҳисобланади. Бизнес доира вакили сифатида ишонч билан айта оламанки, очилаётган янги ҳаво йўллари икки мамлакат тадбиркорларининг қимматли вақтини тежаб, алоқаларни жадаллаштиради ва янги қўшма лойиҳаларга замин яратади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик мустаҳкамланиши минтақа барқарорлиги ва тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, ҳар икки давлатнинг иқтисодий ривожига хизмат қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА