“Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқот натижалари қандай?
Бугун пойтахтимизда “Тараққиёт стратегияси” маркази, Жаҳон банки ва Буюк Британия ҳукумати кўмагида, Ҳамдўстлик ва Тараққиёт бюросининг Марказий Осиё бўйича ҳудудий ривожлантириш офиси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб: аҳоли турмуш даражасини оширишда маҳаллабай ёндашув” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбатида “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” тадқиқоти натижалари, шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) билан уйғунлиги, иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражаси, миграция муаммолари ва ижтимоий ҳимоя масалалари муҳокама қилинди.
— Жаҳон банки томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг фуқаролар ҳаётига қай даражада таъсир кўрсатаётганини ўрганишга қаратилган муҳим тадқиқот лойиҳаларидан биридир, — деди “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков. — ушбу Ўтказилаётган тадқиқотларда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ҳолат сезиларли даражада яхшиланиб бораётгани ўз аксини топмоқда. Ислоҳотлар натижасида рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришлар нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам мунтазам эътиборга олинмоқда.
Тадбирда лойиҳа тадқиқотларига асосланиб, Ўзбекистондаги умумий ижтимоий-иқтисодий тенденциялар қандай ўзгараётганлиги бўйича тақдимот ўтказилди. Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ҳолат сезиларли даражада яхшиланиб бормоқда. Хусусан, 2024 йилда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида камбағаллик даражаси 8,9 фоизга пасайтирилди, инфляция 9,8 фоизга туширилди, мактабгача таълим билан қамров даражаси 76 фоизга етказилди, ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 43 фоизга оширилди. Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми 115 миллиард долларга, экспорт ҳажми 27 миллиард долларга етказилди. 2025 йил учун Жаҳон банки прогнозига кўра, Ўзбекистон ЯИМ ўсиши 5,8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.
Давра суҳбатида қайд этилганидек, 6 йилдан буён “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” сўрови ўтказиб келинади. Ушбу сўров натижалари асосида ижтимоий-иқтисодий ҳолатнинг умумий тенденциялари, Ўзбекистоннинг миграция сиёсати, мавжуд муаммолар ва “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури – маҳаллабай ёндашув масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, “Маҳаллий ташаббуслардан миллий таъсирга қадар: Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича маҳалла даражасидаги чора-тадбирлар” мавзусида панел муҳокамаси ўтказилди.
Жаҳон банкининг катта иқтисодчиси Икуко Уочи 2025 йил январь ойида мамлакат бўйлаб қишлоқ ва шаҳарларда 1500 га яқин уй хўжаликлари билан ўтказилган сўров натижалари ҳақида маълумот берди. Хусусан, у аҳолининг меҳнат бозори конъюнктураси, нархлар ўсиши ва инфляциянинг респондентлар даромадларига таъсири, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сўнгги миграция тенденциялари билан боғлиқ фикрларини тақдим этди. Унинг айтишича, 2023 йилги сўровномада уй хўжаликларининг 55 фоизи даромад топиш учун шароитлар яхшиланганини айтган бўлса, 2025 йилги сўровномада 88 фоизи хўжаликлар ижобий хулоса берган. Умуман, Ўзбекистон аҳолисининг 94 фоизи бугунги ислоҳотларни қўллашини билдирган. Энг кам даромадли хўжаликлар эса ишини йўқотишдан хавотирда эканлигини билдирган. Бу эса сифатли иш ўринларини яратиш лозимлигини кўрсатади.
Икуко Уочи сўнгги макроиқтисодий ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгиланишлар ҳақида ҳам маълумот берди. 2024 йил сентябрь ойида қабул қилинган Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш бўйича янги дастурида маҳалла даражасида жамоатчиликка асосланган ёндашувга урғу берилганлиги сабабли Жаҳон банки янги “маҳаллабай” ёндашувларни жорий этди. Ушбу ёндашувлар сиёсатчиларга энг кўп эҳтиёжга эга маҳалла ва туманларни самарали аниқлашда ёрдам бериш учун мўлжалланган бўлиб, бу маҳаллий шароитларга мослаштирилган дастурларни яратишга имкон беради.
Шунингдек, давра суҳбати давомида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро стандартларга мослигини кўрсатувчи “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан тайёрланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини БМТнинг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га мувофиқ амалга оширилиши инфографик таҳлили” номли тўплам тақдимоти ўтказилди. Мазкур инфографик тўплам “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ва БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) ўртасидаги уйғунликни акс эттирувчи муҳим манба сифатида ишлаб чиқилган. Мазкур нашр орқали “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг БРМга мувофиқ амалга оширилаётган ислоҳотлари ҳақида аниқ маълумот олиш мумкин.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА