Ўзбекистон ва Хитой: нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

210

Бугун “Asia Trans Gas” масъулияти чекланган жамияти (МЧЖ) қўшма корхонаси таъсисчилари – “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “Trans-Asia Gas Pipeline Co. Ltd” компанияси раҳбарияти ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар  “Asia Trans Gas” МЧЖ қўшма корхонаси фаолияти икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликнинг амалий ифодаси эканини таъкидлади.

Мулоқот давомида қўшма корхонанинг сўнгги йиллардаги фаолияти, эришилган натижалар ва жорий йилдаги асосий вазифалар муҳокама қилинди.

“Trans-Asia Gas Pipeline Co. Ltd” компанияси бошқаруви раиси қўшма корхона ишини янада самарали ташкил этиш, 2025 йилда харажатларни тежаш ва бизнес режани қайта кўриб чиқиш юзасидан таклиф билдирди. Мазкур таклиф жамият раҳбарияти томонидан маъқулланди.

Учрашув якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича таъсисчилар баёни тасдиқланиши ва унда қўшма корхона олдида турган аниқ вазифалар белгиланишига келишиб олинди.

Жамият ахборот хизматига кўра, томонлар келгусида ҳамкорликдаги лойиҳаларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш мақсадида Хитойнинг нефть-газ соҳасидаги етакчи компаниялари раҳбарлари билан мулоқотларни давом эттиради.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА