Ўзбекистон – Қатар: Рақамли трансформация ташаббуслари илгари сурилмоқда

“Аш-Шарқ” нашри Қатар-2025 веб-саммити доирасида ушбу араб давлати Инвестицияни рағбатлантириш агентлиги (Invest Qatar) ва Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳақида ёзди. Мақолада мазкур ҳамкорлик рақамли трансформация ташаббусларини жадаллаштириш ва ўзаро сармоявий имкониятни кенгайтиришга қаратилгани таъкидланган.
Тегишли Англашув меморандуми асосида томонлар умумий саъй-ҳаракатлар натижасида бизнес учун қулай муҳит яратиш, билим алмашинувини қўллаб-қувватлаш, инвестиция жараёнини соддалаштириш орқали ҳар икки давлат иқтисодий тараққиётини таъминлашга ҳисса қўшадилар.
Шунингдек, келишув ҳужжатида бозор ва инвестиция имкониятига оид маълумот алмашиш, ўзаро сармоявий муҳитни ривожлантириш учун асосий манфаатдор томонларни таништиришга кўмаклашиш, инвестиция лойиҳалари бўйича йўл-йўриқ кўрсатиш ва жараённи қўллаб-қувватлаш, рақамли иқтисодиётга малакали, истеъдодли мутахассисларни жалб қилиш, ривожлантириш дастурларини биргаликда амалга ошириш, бизнес алоқаси ва сармояни рағбатлантириш мақсадида қўшма тадбирлар – семинар, конференциялар ўтказиш назарда тутилган.
– Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни чуқурлаштириш йўлида янги имкониятлар очилмоқда, – деди “Invest Qatar” бош директори Шайх Али Ал-Валид Ол Соний. – Технологик ландшафтни ривожлантириш, рақамли трансформация жараёнини тезлаштириш орқали мамлакатларимизда инновацияларни қўллаб-қувватлашга умумий интилишимиз келгусида ўз самарасини беришига аминмиз.
– Рақамли иқтисодиётга сармоя киритиш йўлида муҳим қадам ташладик, – деди Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов. – Энди тажриба ва ресурсларни бирлаштириб, бизнес учун янги имкониятлар яратамиз, инновацияни қўллаб-қувватлаймиз.
Ҳамкорлигимиз инвестицион технологияларни жадал ривожлантиришга хизмат килади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА