Бизнесни ривожлантириш банки: жорий йилда 115 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилади

250

АОКАда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қайд этилишича, “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида Бизнесни ривожлантириш банки томонидан 17 минг 676 нафар тадбиркорга 1 трлн. 737 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Кўрсатилган молиявий кўмаклар натижасида ўзини-ўзи банд қилган 18 288 нафар жисмоний шахслардан 12783 нафари якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди ва 5 505 нафари юридик корхона мақомини олди.

Дастурда иштирок этган 16 738 та якка тартибдаги тадбиркорлардан 1 100 нафари масъулияти чекланган жамият сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Жорий йилда банк томонидан барча манбалар ҳисобидан 10 трлн. 400 млрд. сўмлик кредитлар ажратиш режа қилинган. Жумладан, “Бизнесга биринчи қадам” маҳсулоти орқали 300 млрд. сўмдан ортиқ, “Маҳаллада бизнес” маҳсулоти орқали 150 млрд. сўмдан ортиқ кредит ажратиш мақсад қилинган.

– Маҳаллабай ишлаш тизими доирасида 279 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Бунда 115 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилади ва 164 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинади, – деди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ бош директори Бекзод Фозилов. – Жойларда 1 минг 300 та учрашувлар ўтказилиб, 25 минг 900 та микролойиҳалар амалга оширилади ва дастурлар доирасида 1 трлн. 400 млрд. сўмлик кредитлар ажратиш таъминланади. “Сайхунобод тажрибаси” асосида хонадонбай ишлаш тизими орқали ҳар бир маҳалладаги хонадонларга жами 3 992 та молиявий пакетлар, шу жумладан, 21 минг 800 та микролойиҳалар амалга оширилиб, 672 млрд. сўм кредит ажратилди. Натижада 40 102 нафар аҳоли бандлиги таъминланди. “Уйчи тажрибаси” асосида 2024 йилда 608 та учрашувлар ўтказилиб, 6 900 та мурожаатлар кўриб чиқилди ва ҳал қилинди. Бунинг натижасида 12 600 та янги иш ўринлари яратилди. Ўтган йилда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 18 866 нафар аёлга 919 млрд. 800 млн. сўм кредит маблағлари ажратилди. “Бизнесни ривожлантириш банки”га бириктирилган маҳаллаларда 1868 нафар аёл тадбиркорларга 122 млрд. 900 млн. сўм миқдорида банк кредити йўналтирилди.

Бунинг самараси ўлароқ, 3 862 та янги иш ўринлари вужудга келди. 2024 йил давомида банк томонидан ажратилган кредитлар тармоқлар кесимида саноатга 1 трлн. 105 млрд. 87 млн. сўм, қишлоқ хўжалигига 420 млрд. 57 млрд. сўм, қурилиш соҳасига 556 млрд. 42 млн. сўм, савдо ва умумий овқатланишга 1 трлн. 67 млрд. 61 млн. сўм, транспорт ва коммуникация соҳасига 77 млрд. 48 млн. сўм, бошқа соҳаларга 1 трлн. 384 млрд. 49 млн. сўмни ташкил этди. Умуман олганда, Бизнесни ривожлантириш банки томонидан 2024 йилда 7 трлн. 300 млрд. сўм кредит ажратилди.

Матбуот анжуманида банк 2025 йилда ўз олдига янада юксак марраларни қўйгани қайд этилди. Банк келгусида ҳам замонавий хизматларни кўрсатиш, кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали халқимиз ва мижозлар ишончини қозонишга интилади. 2024 йилнинг 16 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар асосида банк бизнесни молиялаштириш ва аҳолини камбағалликдан чиқаришга қаратилган ишларни янада фаоллаштирмоқда. Хусусан, республика бўйича 229 та “Маҳалла банкири” фаолияти йўлга қўйилди. “Маҳалла лойиҳаси” дастури доирасида “Маҳаллада бизнес” ва “Маҳалла банкири” кредит маҳсулотлари ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди.

– Жорий йилда банк томонидан барча манбалар ҳисобидан 10 трлн. 400 млрд. сўмлик кредитлар ажратиш режа қилинган, – дейди “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ департамент бош менежери Шерзод Омонов. – Жумладан, “Бизнесга биринчи қадам” маҳсулоти орқали 300 млрд. сўмдан ортиқ, “Маҳаллада бизнес” маҳсулоти орқали 150 млрд. сўмдан ортиқ кредит ажратиш мақсад қилинган. Маҳаллабай ишлаш тизими доирасида 279 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш кўзда тутилмоқда. Бунда 115 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилади ва 164 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинади. Жойларда 1 300 та учрашувлар ўтказилиб, 25 900 та микролойиҳалар амалга оширилади ва дастурлар доирасида 1 трлн. 400 млрд. сўмлик кредитлар ажратиш таъминланади. Шунингдек, ташқи манбалардан 357 млн. АҚШ доллари миқдоридаги хорижий сармоя жалб қилинади. Банк томонидан 2025 йил давомида ажратиладиган кредитлар 7 трлн. 700 млрд. сўмни ташкил этади. Шундан, инвестиция лойиҳаларни молиялаштиришга 510 млрд. сўм, айланма маблағларни тўлдириш учун 1 трлн. 483 млрд. 700 млн. сўм, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга 5 трлн. 736 млрд. 500 млн. сўм ажратилади.

Тадбирда қайд этилишича, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда банкда мижозга йўналтирилган “Микро, кичик ва ўрта бизнесга хизмат кўрсатишнинг янги операцион модели”ни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий қилиш бўйича ишлар бошланган. Ҳозирда ОТБнинг “Инклюзив молия секторини ривожлантириш – молиявий воситачилик” дастури доирасида банкка 50 млн. АҚШ доллари миқдоридаги кредит линиясини жалб қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу кредит линияси очилса, банкнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлашдаги молиявий имкониятлари янада ошади.

Шаҳноза Маматуропова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА