Чемпионликка ҳавасманд ёшлар

243

ФОТОРЕПОРТАЖ

Кейинги йилларда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор самараси мамлакатимиз спортчилари халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Улар қаторида нукуслик халқаро даражадаги спорт устаси, қатор мусобақалар ғолиби, Парижда ўтказилган Олимпия ўйинлари иштирокчиси Шаҳзода Иброҳимова ҳам бор.

Болалигидан бадиий гимнастика билан шуғулланаётган Шаҳзода тажрибали мураббий Нигора Полвоновадан ушбу спорт сир-асрорларини қунт билан ўрганди. Спортчи бадиий гимнастика бўйича ўтказилган Қорақалпоғистон ҳамда Ўзбекистон биринчиликларида ғолибликни қўлга киритиб, мамлакатимиз терма жамоасига қабул қилинган. 2021 йилда Туркиянинг Коня шаҳрида ўтказилган Ислом бирдамлик ўйинларида терма жамоа таркибида битта олтин, иккита кумуш, Таиланднинг Паттайя шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида иккита олтин, битта кумуш, Тошкент шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида битта кумуш ва битта олтин медалларни қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Республикамизнинг чекка ҳудудларида бадиий гимнастика спортини ривожлантириш мақсадида Шаҳзода таҳсил олган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиали ташаббуси билан Нукус туманида жойлашган 19-умумтаълим мактабида “Шаҳзода Иброҳимова спорт маҳорати тўгараги” ташкил этилди.

– Таълим масканимизда 750 нафар ўқувчи таҳсил олади, – дейди 19-умумтаълим мактаби директори Қурбоной Қидирниёзова. – Бугун мактабимиз жамоаси ва бадиий гимнастикага қизиқувчи ўқувчиларнинг қувончи чексиз. Эндиликда ўқувчилар тўгаракда нафис спорт тури билан мунтазам шуғулланиш имконига эга. Келажакда бу ердан Шаҳзода сингари кўплаб чемпион қизлар етишиб чиқади, деган умиддамиз.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА