“Жўхори гуртик куни” кўтаринки кайфиятда нишонламоқда

301

Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида, ўқув юртларида 25 февраль – Жўхори гуртик куни юқори ташкилотчилик билан ўтказилмоқда.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган талабалар турар жойида байрам муносабати билан “Аргония” масъулияти чекланган жамият ҳамкорлигида  қорақалпоқ халқининг миллий таоми – жўхори гуртик тайёрланди.

Талабалар турар жойи директори Мийўагул Қаллибекова ташаббуси билан ушбу байрам уч йилдан буён нишонланиши анъанага айланган.

– Ҳар йили ушбу байрамни кенг нишонлаб, талабалар билан биргаликда жўхори гуртик тайёрлаб, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган урф-одатлар, анъаналар ва қадриятлар ҳақида суҳбатлашамиз. Ўзаро фикр алмашиб, тарихимиз ва маданиятимиз ҳақида маълумот берамиз. Улар қорақалпоқ халқининг миллий таоми жўхори гуртик ва унинг тайёрланиши ҳақида маълумотларга эга бўлади. Албатта, бу байрам орқали биз юртимизнинг ўзига хос маданияти, тарихи, урф-одатлари ва миллий таомимиз ҳисобланган жўхори гуртикни дунёга танитишга ҳисса қўшамиз, – дейди биз билан суҳбатда Мийўагул опа.

Байрамда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори вазифасини вақтинча бажарувчи Қаржаубай Реймов иштирок этиб, ёшларимиз орасида миллийлигимизни тарғиб қилишга ҳисса қўшаётган талабалар турар жойи жамоасига ва педагог-тарбиячиларига миннатдорлик билдирди. Байрам тадбирида институт талабалари миллий либосларда халқимизнинг қиз-йигитлар айтишувини ўтказиб, шу билан бирга, миллий анъаналаримиз, уларнинг тарихи ҳақида қимматли маълумотларга эга бўлди.

Тадбир доирасида талабалар турар жойи жамоаси, нуроний онахонлар ва ёшлар биргаликда миллий таом байрам дастурхонига тортди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, 2023 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикасида 25 февраль жамоатчилик ташаббуси асосида “Жўхори гуртик куни” сифатида нишонланиб келинмоқда. Ҳар йили шу санада аҳоли катта ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатиб, нафақат оилаларда дастурхон атрофида, балки меҳнат жамоалари, ўқув юртларида, умумий овқатланиш масканларида ҳам юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири