Тошкент яна дунёнинг энг кучли дзюдочиларини чорламоқда

252

Жорий йилнинг 28 февраль-2 март кунлари Тошкентдаги “Юнусобод” спорт мажмуасида дунёнинг энг кучли дзюдочилари “Катта дубулға“ туркумидаги нуфузли турнирда ғолиблик учун кураш олиб боради.

Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган рўйхатга кўра, дунёнинг 4 қитъаси 23 давлатидан жами 246 нафар дзюдочининг иштироки расман тасдиқланган. Шундан 117 нафари эркак, 129 нафари дзюдочи хотин-қизлар. Дзюдо ватани Япония терма жамоасининг 16 нафар спортчиси Тошкент татамиларида медаллар учун баҳсларга киришади.

Мукофот жамғармаси 154 минг евродан иборат турнирнинг умумий рўйхатига эътибор қаратсак, энг кўп иштирокчи Ўзбекистон терма жамоасига тегишли – 56 нафар. Ундан кейинги ўринлардан Халқаро дзюдо федерацияси байроғи остида иштирок этадиган Россия(32), кейинги поғоналардан Хитой(21), Қозоғистон(19), Тожикистон(17), Япония(16), Франция(14), Бразилия(11) каби давлат терма жамоалари жой олган.

Ўтган ҳафтанинг сўнгги кунларида Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов нуфузли мусобақага тайёргарлик кўраётган терма жамоамиз аъзолари билан учрашди.

Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган мулоқот чоғида Бокудаги “Катта дубулға“ турнирида каттагина таркиб билан қатнашган терма жамоамиз керакли натижаларга эриша олмагани, катта турнирларда ҳар бир дзюдочи ўз имкониятидан максимал даражада фойдаланиши кераклиги айтилди.

Терма жамоа мураббийлари йўл қўйилган хато ва камчиликлар устида ишлаш, “Катта дубулға“ даражасидаги мусобақалар ҳар бир ёш дзюдочи учун халқаро тажриба тўплашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Дарҳақиқат, пойтахтимизда ўтадиган беллашувлар юртимиз спортчилари учун, айниқса, ёшлар учун катта имконият майдонидир.

Яна 4 кундан кейин бошланадиган “Катта дубулға“ турнирида Ватанимиз шарафини қайси маҳоратли спортчиларимиз ҳимоя қилишига эътибор қаратсак, тажрибали дзюдочиларимиздан Алишер Юсупов, Шаҳрам Аҳадов, Обидхон Нуъмонов каби номдорлар билан бирга кўплаб ёш ва умидли дзюдочилар қаторида миллий спортимиз кураш бўйича Осиё ўйинлари ғолиби, дзюдо бўйича 2017 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати кумуш медал соҳиби Артём Штурбабин ўз омадини яна дзюдо беллашувларида синаб кўради.

Музаффарбек Тўрабоев, Диёра Келдиёрова, Давлат Бобонов сингари тажрибали дзюдочиларимиз “Юнусобод”да кечадиган баҳсларни томошабинлар сафида кузатиб боради.

Т.Рўзиев, ЎзА