Лавров АҚШ билан алоқалар давом этишини маълум қилди

210

Россия АҚШ билан муносабатларни давом эттириш ниятида, Ар-Риёдда ўтган музокаралар Америка томони билан яхшироқ мулоқот қилиш умидини берган. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Анқарада Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан билан музокара якуни бўйича матбуот анжуманида маълум қилди.

— Биз турк дўстларимизни 18 февраль куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган Россия-Америка музокаралари ҳақида батафсил хабардор қилдик, -деди у. — Бу ҳолат кўплаб қарама-қаршиликка қарамай, яхшироқ мулоқот қилиш имконияти пайдо бўлгани нуқтаи назаридан ижобий баҳоланди.

“Анадолу” ахборот агентлиги хабар беришича, Москва ва Вашингтон шу ҳафта элчихоналар ишини нормаллаштириш бўйича тўлиқ маслаҳатлашувлар ўтказади.

Россиялик дипломат Туркия билан муносабатга тўхталиб, халқаро вазият кескинлигига қарамай, томонлар барча йўналишларда алоқани давом эттираётганини таъкидлади. Лавровнинг қўшимча қилишича, икки давлат етакчилари мунтазам равишда алоқада бўлиб турибди.

— Россия Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини музокараларда қониқарли натижага эришсагина тўхтатади, -деди вазир. — Зиддиятни фақат унинг асосий сабабларини бартараф этиш орқали ҳал қилиш мумкин.

Шунингдек, Лавров Истанбул келишувлари лойиҳаси Россия-Украина низосини ҳал қилиш учун асос бўлиши мумкинлигини таъкидлади. 23 февраль куни ушбу ғоя АҚШ президентининг махсус вакили Стивен Уиткофф томонидан илгари сурилган.

РФ ташқи сиёсат идораси раҳбари АҚШнинг Сурия бўйича позициясига изоҳ берар экан, Вашингтон ушбу давлатнинг шимолида “мустақил давлат” яратганини ва унинг асосий мақсади сепаратистларни қўллаб-қувватлаш эканини таъкидлади.