Депутат халқ орасида

221

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Алишер Джуманазаров Нукус тумани маҳаллаларида бўлиб, сайловчилари билан учрашди. Унда сектор раҳбарлари, нуронийлар, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маҳалла еттилиги аъзолари ва ҳудуд аҳолиси иштирок этди.

Учрашувлар давомида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қонун, фармон ва қарорларнинг мазмун ва аҳамиятига, жумладан, Қорақалпоғистон учун берилаётган имкониятлар, шунингдек, партиянинг сайловолди дастурида илгари сурилган ташаббуслар тўғрисида атрофлича маълумот берилди. Аҳолининг 30га яқин мурожаати ва кўп йиллардан бери ечимини кутиб турган масалалар ўрганилди.

Хусусан, депутат “Тақиркўл” овул фуқаролар йиғинидаги “Калмен” овулида яшовчи Қуралбай оға Усенов билан суҳбатлашганда, ҳудуддаги 300 метр оралиқдаги ички йўллар таъмирталаб аҳволга келиб қолгани боис, аҳоли ва йўловчилар ёмғирли кунларда азият чекаётгани тўғрисида эътироз билдирди. Депутат тегишли ташкилот вакиллари билан суҳбатлашиб, муаммо тез кунларда ўрганиб чиқилиб, ижобий ечилишига келишиб олинди.

“Саманбай”овул фуқаролар йиғини аҳолиси болалар майдончаси қуриб беришга кўмак сўраган бўлса, “Деҳқон арна” маҳалла фуқаролар йиғини  аҳолиси ҳудудда мактабгача таълим муассасаси йўқлиги масаласи билан мурожаат қилди. Аниқланган муаммоларнинг баъзилари жойида ечим топди, қолганлари депутатлик сўровлари орқали бартараф этиладиган бўлди.

Алишер Джуманазаровнинг “Намунали макон” маҳалла фуқаролар йиғинидаги учрашуви ҳам ҳар томонлама самарали бўлди. Учрашув давомида ушбу ҳудудда яшовчи фуқаро Махсет Сапашовнинг электр таъминоти билан боғлиқ мурожаати депутат кўмаги билан жойида ҳал этилди.

Мулоқотларда аҳоли ва жамоатчилик вакиллари сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётида сезилаётганлигини, одамларнинг яшаш шароити яхшиланганини қайд этдилар. Шунингдек, депутат маҳаллада жойлашган 19-сонли умумтаълим мактаби директори ўринбосари Азат Ташполатов билан суҳбатлашганда мактаб атрофини кўкаламзорлаштириш ҳамда экилган кўчатларни суғориш учун сув манбаи йўқлигини билдирди. Халқ вакилидан мактабга артезиан қудуғи қаздириб, сув насоси олиб беришга амалий ёрдам сўради.

Депутат томонидан маҳалла масъуллари ва бошқа мутасаддилар билан биргаликда муаммолар ўрганилиб, ҳал қилиш бўйича чоралари белгиланди. Ўз навбатида мавжуд муаммолар юзасидан туман ва республика мутасаддилари билан ечимини топиш ҳамда тегишли ташкилотларга депутат сўрови юбориш режалаштирилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири