«Раҳбар ва ёшлар» учрашуви ўтказилди

Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларга кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилган бўлиб, ёшларимиз ҳар бир соҳада қўллаб-қувватланмоқда.
ҚДУ Социология мутахассислиги талабалари Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида амалиёт ўтамоқда.

Мазкур амалиёт талабаларга ижтимоий ҳимоя тизимининг ишлаш механизмларини чуқур ўрганиш, агентлик фаолияти билан яқиндан танишиш ва амалий тажриба орттириш имконини беради. Амалиёт давомида талабалар ижтимоий ҳимоя дастурлари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш механизмлари ва давлат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлиб бормоқда.
Талаба ёшларнинг ҳар бири маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимларга бириктирилган бўлиб, у ерда маҳалла даражасида кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар билан танишиб тажриба олмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси мажлислар залида бошқарма бошлиғи С.Данияров амалиётчи талабалар билан учрашиб, уларнинг фикр ва таклифларини тинглади.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда дастлаб С.Данияров амалиётчи талабаларга ўз ҳаёт йўлини, ўша даврдаги муаммолар, бугунги кунда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, улардан ўз вақтида тўғри фойдаланиш кераклиги ҳақида сўзлаб берди.

Сўнг амалиётчи талабалар амалиёт жараёнлари ҳақида айтиб, маҳаллаларда ижтимоий ёрдамлар бўйича тарғибот ишларини олиб бориш, «Инсон волонтёрлар» гуруҳини тузиш каби таклифларини билдирди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги