Истиқболли масалалар муҳокама қилинди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи З.Турдалиев Мўйноқ туманининг инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича сектор бошлиқлари, йирик ташкилот раҳбарлари билан учрашди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикасида жами 34 минг 346 нафар аҳолини камбағалликдан чиқаришнинг мақсадли йўналиши белгиланган. Шундан, Мўйноқ туманида бугунги кун ҳолатига жами 823 та хонадон ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган.

Ушбу ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган 110 та оила раҳбарларга бириктириб берилган бўлиб, уларнинг муаммо ва истаклари ўрганиб чиқилиши натижасида153 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди.
Учрашувда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни жадал суръатларда давом эттириш, ҳудудни камбағалликдан чиқаришда драйвер соҳалар истиқболларидан кенг фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири