Германияда муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилмоқда

Бугун, 23 февраль куни Германияда муддатидан олдин парламент сайлови бўлиб ўтмоқда. “Deutsche Welle” медиа компанияси хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат 08:00 да иш бошлаган овоз бериш участкалари 18:00 га қадар очиқ бўлади. Шундан сўнг дарҳол дастлабки экзитпол натижалари эълон қилиниши кутиляпти.
Бундестаг сайловида 29 партия иштирок этмоқда. Овоз бериш ҳуқуқига эга сайловчилар тахминан 59,2 миллион киши.
Парламентдаги 630 ўрин учун жами 4 506 номзод кураш олиб бормоқда. Мамлакат бўйлаб 90 мингдан зиёд сайлов участкаси фаолият кўрсатмоқда.

“Euronews” нашри хабарига кўра, уч йилдан зиёд мухолифатда бўлган Христиан-демократлар ва Христиан-ижтимоий иттифоқ коалицияси ҳокимиятга қайтиш учун яхши имкониятга эга.
“Германия учун муқобил” партиясини қўллаб-қувватловчилар ҳам кескин кўпайган. Қоидага биноан, парламентга кириш учун партиялар аввалгидек 5 фоизлик тўсиқни енгиб ўтиши керак. Германия Социал-демократик партияси раҳбарияти мамлакатнинг амалдаги етакчиси Олаф Шольцни ҳукумат раҳбари лавозимига номзод сифатида кўрсатган.

Канцлерликка “Яшиллар” вакили Роберт Хабек, Христиан-демократ Фридрих Мерц ва “Германия учун муқобил” гуруҳидан Алис Вайдель ҳам даъвогар.
Сўров натижасига кўра, сайловда Христиан-демократлар ва Христиан-ижтимоий иттифоқ аъзолари биргаликда фаворит сифатида эътироф этилган. Уларнинг рейтинги 29,5 фоиз. “Германия учун муқобил” партияси 21 фоиз билан иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Шольц раҳбарлигидаги социал-демократлар 15 фоиз овоз билан учинчи ўринда. “Яшиллар”нинг рейтинги 12,5 фоиз.
Б.Худойбердиев, ЎзА