Фуқароларнинг банк омонатларини кафолатлашда янги тизим (+видео)
Бугунги кунда фуқароларимизнинг банклардаги жами депозитлари 308.7 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Шундан жисмоний шахсларнинг омонатлари 122.4 трлн сўм, юридик шахсларнинг депозитлари 186.3 трлн сўм бўлиб, фуқароларнинг банклардаги пуллари қонунлар билан кафолатланган.
2025 йил “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги қонун (ЎРҚ-1031-сон) қабул қилиниши билан бу борадаги тартиб бироз ўзгармоқда. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг банклардаги омонатларини ҳимоя қилишни кафолатлашда жаҳон стандартлари тадбиқ қилиняпти. Омонатларни кафолатлаш агентлиги ташкил этилмоқда. Шу ва ушбу соҳадаги янгиликлар хусусида Марказий банкнинг бош мутахассиси Фазлиддин Бўронов билан суҳбатлашдик.
– Ушбу янги қонунни ишлаб чиқишнинг зарурати нимада эди?
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бизни бу ислоҳотларимиз 2017-2018 йилдан бошланган. Яъни, дастлабки босқичда биз Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги ва “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги қонунларини ишлаб чиқиб, қабулқилганмиз.
Ундан ташқари банк назорати бўйича бир қатор янги қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Амалдаги қонунчилик халқаро стандартларга, хусусан, “Базель” стандартларига мувофиқлаштирилди.
«Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун ҳам мана шу амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг узвий давоми ҳисобланади.
Бундан ташқари2020 йилда қабул қилинган “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонда мана шу омонатларни кафолатлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича топшириқлар белгиланганди.
Мазкур қонунни ишлаб чиқишдан олдин жуда кўп таҳлиллар, ўрганишлар ўтказганмиз ва халқаро амалиётлар ўрганилган.
Санжар Тошпўлатов, Аслиддин Алижонов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА