Маск нейрон тармоғи янги турини намойиш қилди

Илон Маскка тегишли “xAI” компанияси “Grok3” нейрон
тармоғини тақдим этди. Энди бу тизим компания веб-сайти орқали ҳамма учун очиқ.
“AзерТAЖ” хабар беришича, мазкур восита контент яратиш ва ахборотни қайта ишлаш билан боғлиқ турли муаммоларни ҳал қила олади.
– Шундай: дунёдаги энг ақлли сунъий интеллект энди серверларимиз ишдан чиққунга қадар бепул мавжуд, – дейилган компания баёнотида.
Бириктирилган ҳавола орқали чат-ботни синаб кўриш мумкин. Х ва “SuperGrok” пулли обуначилари моделнинг илғор функциялари ва овозли режим каби айрим воситалардан барвақт фойдаланиш имконига эга.
Тизимнинг ҳисоблаш қуввати олдинги турларига қараганда 10 баробар юқори. Нейрон тармоқ жавоб бериш учун бир неча сониядан бир неча дақиқагача вақт сарфлайди. Компания “Grok 3 mini” лойиҳасини ҳам тақдим этди.
Таъкидланишича, ҳар икки модел ҳали ўқув жараёнида ва фойдаланувчилар фикр-мулоҳазаси асосида такомиллаштирилади.
Илон Маск 2023 йил июль ойида “xAI” яратилишини эълон қилган, ноябрда эса “Grok” чат-ботини тақдим этган.
“Financial Times” экспертлари тизимни дунёдаги энг яхши беш чат-бот қаторига киритган.