Сенатнинг тўртинчи ялпи мажлисида нималарга эътибор қаратилди? (+видео)

Бугун, 2025 йил 20 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат ва Ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилди.
Очиқлик тамойилига асосланган ҳолда ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги расмий саҳифаси орқали онлайн ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг биринчи иш кунида сенаторлар фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш, тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш, кредит ахбороти алмашинувини янада такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилиги, ер участкаларидан фойдаланиш, қурилиш тартиби каби қонунларни кўриб чиқди ва маъқуллади.
Сенат Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очган мажлисда дунёда рўй бераётган мураккаб вазиятга қарамасдан мамлакатимизда Президентимиз бошчилигидаги ислоҳотлар изчил давом этаётгани таъкидланди. “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган ғоя ва мақсадлар йўлидаги тизимли саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодиётимиз юксалиб, ижтимоий соҳалар замонавий ёндашувлар асосида ривожланаётгани қайд этилди.
“Атроф – муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича кенг қамровли Давлат дастури қабул қилингани экологик нуқтаи назардан ҳам, иқтисодий-ижтимоий аҳамиятига кўра ҳам халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириши эътироф этилди.
Сенат раиси дастурнинг тўлақонли амалга ошишига парламент, ҳукумат, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ўзини англаган, бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон бирдек масъул ва жавобгар эканини алоҳида қайд этди.
Сенат ҳудудларда тобора реал кучга айланиб бораётган маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликни кучайтираётгани, Ёшлар парламентига олдида турган вазифалар тилга олинди.
Энг муҳими, бугунги ялпи мажлисда Ёшлар парламенти вакиллари қонунлар бўйича ўз фикрлари билан иштирок этди.
Ялпи мажлисда маъқулланган “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун ҳақида тўхталиб ўтсак.
– Мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, жамиятни янгилаш йўлида туб ўзгаришлар рўй бермоқда, – деди Сенатнинг суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдуҳаким Эшмуродов. – Шу била бир қаторда қонунлар билан тартибга солинган ижтимоий муносабатларга муайян бир динга хос қоидаларни жорий этишга бўлган уринишлар ҳам йўқ эмас. Шу каби ҳолатлар диний соҳада ягона концепцияни яратишни тақозо қилди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган қонун билан фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини таъминлаш ва Ўзбекистон Республикаси дунёвий давлат эканлигига оид конституциявий қоидаларни рўёбга чиқариш ҳамда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади, вазифалари, принциплари, устувор йўналишлари ва уларни амалга ошириш механизмлари белгиланган.
Қонун билан белгиланаётган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш мақсадида парламент комиссияси ташкил этилади.
Буларнинг барчаси диний бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлашга асосланган муносабатлар моделини ривожлантиришнинг ташкилий – ҳуқуқий асослари такомиллашишига, жамиятда тотувлик, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳити мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, Аброр Содиқов (видео), Искандар Исматов (монтаж), ЎзА