Ер участкаларидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади

Мамлакатимизда ер участкаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишни кучайтириш, экологик вазиятни яхшилаш, яшил майдонларни кенгайтириш орқали аҳолига қулай экологик муҳит яратиш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳозирда ер ва шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик, шаҳарсозлик регламентлари талабларига риоя этилишини таъминлаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва мулкдорларнинг ер участкаларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги хабардорлигини ошириш мақсадида ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турларини аниқлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ер участкаларидан фойдаланиш тартиби янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шу мақсадга хизмат қилади.

Ялпи мажлисда қайд этилганидек, республикада хиёбонлар, истироҳат боғлари, сайилгоҳлар ҳудудларини ҳамда уларда экилган дарахтлар муҳофаза қилинишини кучайтириш, улар ерларида бино ва иншоотлар қурилишининг олдини олиш чораларини кўриш лозим.
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Тўйчиев қонун билан ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари жорий этилиши, аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларни хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш, ҳудудларини қисқартириш, уларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланиши қатъий белгиланаётганини таъкидлади.
Ушбу чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши, ботаника боғларини хусусийлаштириш ва уларнинг ҳудудларида қурилишни амалга ошириш тақиқланган ҳолда ботаника боғларининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритилишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, ялпи мажлис давомида Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳам фаол иштирок этиб, қонунлар бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.

– Таъкидлаш жоиз, сўнгги пайтларда истироҳат боғларида аҳолига хизмат кўрсатиш учун турли аттракционлар, савдо шохобчалари ва пулли хизмат объектлари қурилмоқда, – деди Ёшлар парламенти аъзоси Иброҳимжон Жўрабоев. – Бу жараён ҳар доим ҳам пухта ўйланган режа асосида олиб борилмагани оқибатида ноёб ва қимматбаҳо дарахтлар, ўсимликлар кесиб юборилмоқда. Натижада истироҳат боғлари ўзининг табиий хусусиятларини йўқотиб, салқинлик даражаси камаймоқда. Афсуски, бу каби долзарб масалалар ботаника боғларига ҳам тааллуқлидир. Бу каби ҳолатлар соҳага доир қонунчиликда бўшлиқлар борлигини ва уни янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатади. Мисол тариқасида эътиборингизни барчамизга яхши таниш бўлган Тошкентдаги Ботаника боғига қаратмоқчиман. Бу боғ нафақат Юнусобод тумани, балки бутун пойтахтимизнинг «ўпкаси» десак тўғри бўлади. Шу нуқтаи назардан бу каби ботаника боғларининг мақомини ошириш ва уларни қонун билан ҳимоя қилиш ҳамда аҳолининг маданий эҳтиёжларини қондириш ва дам олиши учун фойдаланиладиган ерларнинг бошқа мақсадлар учун олиб қўйилиши ёки унинг ҳудуди қисқартирилишига сабаб бўлувчи ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланиши жуда муҳим деб биламан.
Сенаторлар маъқуллаган қонун ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш, ер фондининг барча тоифаларидаги ер участкаларини бозор ва кадастр баҳолаш сифатини яхшилаш, ердан фойдаланувчилар, ижарачилар ва ер участкалари мулкдорларининг ер участкаларидан рухсат этилган фойдаланиш турлари бўйича хабардорлигини ошириш ва соҳада назорат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, маданий ҳордиқ масканлари ва уларнинг ҳудудларини сақлаб қолиш, ботаника боғлари ва уларнинг ерларини бегоналаштириш, ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтиришни тақиқлайди ҳамда мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади.
Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА