Гандболчилар Қорақалпоғистон чемпионатида баҳслашди (+видео)

225

Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида 2008 йилда туғилган ва ундан катта ёшдалар йигит-қизлар ўртасида гандбол бўйича Қорақалпоғистон Республикаси чемпионати мусобақаси бўлиб ўтди.

Унда туманлар ва Нукус шаҳридан қарийб 20 жамоа ўзаро беллашди.

Якуний натижаларга кўра, йигитлар ўртасида Республика ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби жамоаси биринчи, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали жамоаси иккинчи, Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда Нукус шаҳри жамоаси ғолиб бўлди. Қораўзак тумани спортчилари иккинчи, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали жамоаси учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон гандбол федерацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА