Ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш давом этмоқда

211

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган майдонларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонларини барпо этиш, ҳудуддаги экологик ҳолатни яхшилаш, денгиз тубидан зарарли туз ва чанг кўтарилишининг олдини олиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу эзгу ишларда ҳар йили республика вилоятларидан келган ёрдамчилар, Ўрмон хўжалиги агентлиги, Фавқулодда вазиятлар, ободонлаштириш бошқармалари ходимлари иштирок этиб, саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат “яшил қопламалар” барпо этилмоқда. Саксовул экиш ишларида уч авлод вакиллари, депутатлар ва маҳаллий фуқаролар фаоллик кўрсатиб, юртимиз экологиясини яхшилаш йўлида ўзларининг салмоқли ҳиссасини қўшмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 18 январдаги “Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ 2022-2026 йилларда Орол денгизининг суви қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ҳажмлари белгилаб берилган.

Жумладан, 2024 йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат етказиб бериш мақсадида ўрмон хўжаликлари томонидан 204 гектар майдонда кўчатхона ташкил қилинди. Натижада ўтган йиллар мобайнида Орол денгизининг қуриган майдонларида “Яшил қопламалар” яратиш мақсадида жами 1,8 миллион гектар майдонга саксовул ва бошқа чўлга чидамли ўсимликлар экилди.

Ўрмон хўжаликлари томонидан давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шу жумладан, янги ўрмонзорлар барпо этиш, иш ўринларини ташкил этиш, ўрмонлардан қўшимча фойдаланишни рағбатлантириш, ўрмон фонди ерлари фойдаланувчиларини қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Мазкур қарор ижроси доирасида 730,35 гектар ўрмон фонди ери фойдаланишга киритиш мақсадида ўзлаштирилди. Жисмоний ва юридик шахсларга ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган  594 гектар ер майдони ижарага берилди. Ўтган йилда 112 минг 502 гектар ўрмонзор ва бутазор майдони кенгайтирилди. Шамол ва сув эрозиясини олдин олиш мақсадида 250 гектар майдонда иҳота дарахтзорлари барпо этиш ишлари амалга оширилди. Манзарали, мевали ниҳол ва бута уруғларини тайёрлаш 375 тоннага, кўчат етиштириш 17,7 миллион, шу жумладан, тут кўчатини етиштириш 3,6 миллион донага бажарилди.

Ўрмонлардан қўшимча фойдаланиш, хусусий сектор субъектлари билан ҳамкорликда чорвачиликни, паррандачиликни ҳамда  асаларичиликни ривожлантириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида  моллар 12 минг 764  бошга, паррандалар 190 минг 678 бошга, асалари 20 минг 710 оилага  етказилди. 262 гектар майдонга қишлоқ хўжалиги экинлари экилиб, 614 тонна маҳсулот етиштирилди. Доривор ва озуқабоп ўсимликларни етиштириш ва тайёрлаш учун ўрмон хўжаликлари томонидан 1 минг 270 гектар майдонда плантация ташкил қилиниб, 1 минг 924 тонна маҳсулот тайёрланди.

Бундан ташқари, 2024 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури лойиҳаси ҳисобидан Қораўзак давлат ўрмон хўжалиги томонидан Орол денгизининг қуриган тубида чўлга чидамли ўсимликлар экиш бўйича 8 минг 600, Чимбой давлат ўрмон хўжалигига 10 минг, Глобал яшил ривожланиш институти (GGGI) лойиҳаси ҳисобидан Қораўзак давлат ўрмон хўжалигида 7 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш орқали кўчатхона ташкил этиш учун 62 минг 868, Бўзатов давлат ўрмон хўжалигида 7 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизимини йўлга қўйиш орқали кўчатхона ташкил этиш учун 59 минг 868, Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги томонидан Оролни қутқариш жамғармаси ҳисобидан Орол денгизининг қуриган тубининг “Аққум” массивида ўрмонзор барпо этишга  60 минг 500 АҚШ долларлик ҳамда Тўрткўл давлат ўрмон хўжалиги томонидан Осиё Тараққиёт  банки маблағи ҳисобидан А-380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу автомобиль йўл бўйини кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш мақсадида 84 минг АҚШ долларлик грант киритиш ишлари амалга оширилди.

–Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида бир қатор вазифалар белгилаб берилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси раиси Айбек Аминов. – Жумладан, Орол денгизи тубида 100 минг гектар “яшил майдон” барпо этиш ва Оролбўйи минтақасидаги ўрмонзорларни 2,1 миллион гектарга етказиш, шунингдек, танланган ҳудудларида шўр ва сувсизликка чидамли ўсимликлар боғлари ташкил этиш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, ўрмон фондининг 905 гектар ер майдонини фойдаланишга киритиш, 187 тонна манзарали, мевали дарахт ва бута уруғини тайёрлаш, 21 миллион 168 дона дарахт, бута ниҳол ва кўчатини етиштириш назарда тутилган.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА